Президент Cурхондарёда иссиқлик электр станцияси қурилишига старт берди

Источник: president.uz

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Сурхондарё вилояти Ангор туманида янги иссиқлик электр станцияси қурилишига бағишланган маросим бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар беради.

Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион доллар бўлиб, унинг натижасида 1 минг 560 мегаватт қувват яратилади, йилига 12 миллиард киловат-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

“Лойиҳа доирасида энг замонавий технологиялар ўрнатилиб, йилига 1 миллиард куб метр табиий газ тежалади”, – дейилади хабарда.

Мажмуа Сурхондарёдаги биринчи, охирги йилларда юртимизда барпо этиладиган энг йирик иссиқлик электр станцияси бўлади.

Станцияда ишлаб чиқарилган электр энергияси Сурхондарёдаги 500 минг хонадонни ҳам нурга тўлдиради. Бундан ташқари, қўшни Афғонистонга йилига камида 3 миллиард киловатт-соат электр энергиясини экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.

Лойиҳа Германиянинг “Siemens Energy”, Франциянинг “ЕDF”, Нидерландиянинг “Stone City Energy” компаниялари томонидан давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади.

Шавкат Мирзиёев инвесторлар билан бирга рамзий тугмани босиб, иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаб берди.

Мазкур станцияни 2024 йил охирида ишга тушириш режалаштирилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.