Президент: «Халқимизнинг ҳаёти янада фаровон ва мазмунли бўлиши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз»

Источник: president.uz

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Янги йил билан табриклади. Мамлакат президенти 2022 йилни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” йили деб эълон қилишни таклиф этди.

«Инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган  ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир. Бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалла  ҳал қилувчи ўрин тутади. Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, мамлакат обод бўлади. Шу боис, бундан буён ҳар бир маҳаллада самарали  иш олиб бориш фаолиятимизнинг бош мезонига айланади. Бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорликни таъминлашга устувор аҳамият қаратамиз». 

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатни янада обод қилиш, замонавий  уй-жойлар, жумладан, барча ҳудудларимизда “Янги Ўзбекистон массивлари”ни қуриш асосий вазифалардан бири бўлади.

«Ишонтириб айтаманки, халқимизнинг ҳаёти янада фаровон ва мазмунли бўлиши учун бор куч  ва имкониятларимизни сафарбар этамиз».

Президентнинг қайд этишича, 2022 йилда иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш эътибор марказида бўлади.

«Аҳоли даромадларини кўпайтириш, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини оширишга қаратилган муҳим ишларни давом эттирамиз. Ижтимоий соҳалар, айниқса, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия ва илм-фанни ривожлантиришга барча ресурслар жалб этилади. Муҳтарам уруш ва меҳнат фахрийларини, азиз аёлларимиз ҳамда ёшларимизни қўллаб-қувватлаш, кўмакка муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор берамиз», – дея хулоса қилади у.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.