Президент: хокимлар ва уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари уй-жой қурилиши учун пудратчи танлашда 2-3 та ташкилот билан чекланмоқда

Источник: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш, ипотека кредитлашни кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар беради.

Давлат раҳбари уй-жой қурилиши ва ипотека тизимида ҳали ўз ечимини топмаган кўплаб масалалар мавжудлигини кўрсатиб ўтди, хусусан:

– вилоят ҳокимлари ва уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари уй-жой қурилиши учун пудратчи танлашда 2-3 та ташкилот билан чекланмоқда;

– аҳоли томонидан талаб юқори бўлган ўрта меъёрдаги уйлар бўйича қурувчилар бозорга етарли таклиф чиқармаяпти;

– бугунги кунда жойлашган жойи ёки нархи аҳолига номақбул бўлгани учун қиймати 255 миллиард сўмлик 950 та қурилган хонадон сотилмасдан турибди;

– ипотека учун бюджетдан ажратилган 1,1 триллион сўм субсидиядан 220 миллиард сўми ишлатилган, холос. Республика бўйича 36 мингдан зиёд ижобий хулосаси бор оилаларга 900 миллиард сўмдан зиёд субсидиялар тўланмай турибди;

– уй-жой қуриладиган массивлар рўйхати тасдиқланган бўлсада, ер участкалари ўз вақтида аукционга чиқарилмагани боис, Тошкент вилоятида – 2,7 минг, Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Хоразмда – 1,5 минг хонадонли уй-жойлар қурилиши бошланмаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.