Президент инвентаризация қилинган кўчмас мулк объектларининг омма учун очиқ электрон харитасини яратишни топширди

Источник: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. Кадастр базасига илгари ҳисобга олинмаган 412 мингта кўчмас мулк киритилган, 478 мингта объектда қўшимча қурилмалар аниқланиб, кадастр баҳоси қайта кўриб чиқилган.

Яна бир муаммо – ер балансида аҳоли яшаш майдонлари 223 минг гектар бўлса-да, амалда 1 миллион гектардан ошиб кетган. Шу боис, бундай кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиб, унинг натижаси бўйича электрон харита тузиш ҳамда аҳоли учун очиқ онлайн платформага жойлаштириш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги ерларини ҳисобга олиш ишларини келгуси йил 1 апрелгача якунлаш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги ер балансидаги 2 миллион 700 минг гектар майдоннинг тоифасини аниқлаш зарур.

Президент келгуси йилда аҳолига ижарага бериладиган 80 минг гектар ерни давлат рўйхатидан ўтказиб, кейин танловга чиқариш вазифасини қўйди.

Ҳудудларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳам кўпки, улардан ҳам самарали фойдаланиш зарур. Масалан, ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида 10 миллион гектардан зиёд, сув хўжалиги вазирлиги тизимида 820 минг гектар, автомобиль йўллари атрофида 450 минг гектар ер бор. Шунингдек, 3 миллион 300 минг гектар ер ҳокимликлар захирасида турибди. Давлатимиз раҳбари бу ерларнинг электрон харитасини тузиш ва давлат мулки сифатида рўйхатдан ўтказиш кераклигини таъкидлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.