Президент: инвестицион дастурлар вазирликда эмас маҳаллада шаклланиши, уларни ҳокимларнинг ёрдамчилари ўзи “маҳаллабай” тамойили асосида ишлаб чиқиши зарур

Источник: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Келгуси йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари, ишсиз аҳоли ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 13 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган. Президентнинг таъкидлашича, дастурлар вазирликда эмас, маҳаллада шаклланишини, уларни ҳокимларнинг ёрдамчилари ўзи “маҳаллабай” тамойили асосида ишлаб чиқиши зарурлигини таъкидлади.

«Янги Ўзбекистон дегани, аввало, янгича ишлаш керак дегани. Айниқса, ҳокимлар ўзгариши керак. Ҳамма саъй-ҳаракатлар, ажратилаётган маблағлар маҳаллада ўз ифодасини топмаса, натижа бўлмайди. Бунда иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш – асосий мезон», – дейди давлат раҳбари.

Келгуси йилда пахта ва ғалладан бўшайдиган 80 минг гектар майдон аҳолига ажратилиши белгиланган. Мева-сабзавотчилик кластерларига 2 триллион сўм, шу соҳадаги лойиҳаларга 100 миллион доллар, томорқаларда маҳсулот етиштириш учун яна 100 миллион доллар йўналтирилади. Аҳоли томорқасида деҳқончиликни йўлга қўйиш учун банклар томонидан 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар берилади.

Келгуси йилда давлат инвестиция дастури доирасида жами 18 триллион сўмликдан зиёд 1 минг 700 га яқин лойиҳа, тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 22 миллиард долларлик 9 мингта лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Уларнинг натижасида, мос равишда, 135 минг ва 305 мингта иш ўрни ташкил этиш мақсад қилинган.

Келаси йил халқаро молия ташкилотларидан жалб этилган 2 миллиард 200 минг доллар маблағни ўзлаштириш ҳисобига 109 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг самарасида 28 минг аҳоли бандлиги таъминланади.

Давлат раҳбари халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинадиган маблағларни ҳам маҳаллага боғлаш муҳимлигини қайд этди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.