Президент иситиш тизимини тадбиркорлар бошқарувига беришни таклиф қилди

Источник: unsplash.com

Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини модернизация қилиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Иситиш тизимини тадбиркорларга 10 йилга бошқарувга бериш таклиф қилинмоқда, уларнинг хизматлари эса давлат томонидан сотиб олинади.

Тармоқлар модернизацияси учун зарур маблағнинг ярми бюджетдан, ярми хусусий шерик ҳисобидан ажратилади. Иситиш қозонларини ишлаб чиқаришга керакли бутловчи қисмлар икки йил муддатга божхона божидан озод қилинади.

Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, ташкилий ва молиявий масалалар бўйича кўрсатмалар берди.

Мутасаддиларга туман ва шаҳарлардаги ижтимоий объектларнинг иситиш тизимларини хатловдан ўтказиб, босқичма-босқич янгилаш, уларни бошқаришга салоҳиятли тадбиркорларни жалб этиш топширилди. Биноларда энергия йўқотилишини камайтириш, иссиқликни сақлаш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди. Инвесторлар иштирокида энергия тежамкор иситиш қозонлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.