Президент ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш чеклангани ҳақида хабардор қилинди

Ҳукумат кўрсатмасига асосан «Ўзкомназорат» томонидан бир ёқлама, узоқни ўйламай қилинган ҳаракат ҳақида Президент хабар топди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати Шерзод Асадов хабар беради.

«Ўйлайманки, тез орада барча тармоқларга уланиш тикланади», – дейилади хабарда.

Президент топшириғига асосан Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Ғолибшер Зияев нотўғри ва келишилмаган хатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган вазифасидан четлатилди, рўй берган ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилади.

«Суриштирув якунлари бўйича рўй берган ҳолатда айбдор бўлган барча мутасадди раҳбарларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари кўрилади».

Аввалроқ Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялаш соҳасида назорат бўйича Давлат инспекцияси (“Ўзкомназорат”) ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотларини Ўзбекистондан ташқарида сақланиши ва ишлов берилиши сабабли қатор ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаб қўйганди. Ҳуқуқбузарликлар реестрига «Мой мир», «Одноклассники», YouTube, LinkedIn, Instagram, Facebook ижтимоий тармоқлари, Telegram мессенжери ва бошқалар кирди.

Бу орада Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги  “Ўзбектелеком” АК ускунасининг қисқа муддатли техник бузилиши сабабли алоқа хизматларининг сифати ёмонлашди ва ижтимоий тармоқларга кириш борасида узилишлар кузатилгани ҳақида хабар беради.

Айни пайтда техник ускуналардаги барча носозликлар бартараф этилган.

«Facebook, Instagram, «Одноклассники», LinkedIn, «Мой Мир», Telegram ва YouTube видеоплатформаси нормал ишлашда давом этмоқда».

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги  «техник носозлик туфайли келиб чиққан ноқулайлик учун барча фойдаланувчилардан узр сўрайди».

Соат 23:06 да янгиланди. Вазирлик хабарни олиб ташлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.