Президент экспортчиларга имтиёзлар ва субсидиялар тақдим этиш тўғрисидаги фармонни имзолади
Ўзбекистон президенти экспортчиларга имтиёзлар ва субсидиялар тақдим этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Хусусан 2022 йил 1 апрелдан 2023 йил 1 апрелгача:
– маҳаллий корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га Европа Иттифоқи давлатларига юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини 70 фоизгача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади;
– қўшни давлатларга экспорт қилинган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини 50 фоизгача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади;
б) мувофиқликни баҳолаш органларини халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади;
в) тадбиркорлик субъектлари томонидан товарлар (махсус турдаги товарлардан ташқари), ишлар ва хизматлар экспортини шартнома тузмасдан ҳисобварақ-фактуралар (инвойслар) асосида амалга оширишда талаб этиладиган олдиндан тўлов миқдори 100 фоиздан 50 фоизга камайтирилади.
Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига икки ҳафта муддатда экспорт қилишда ташиш харажатларини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиладиган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар рўйхатини тасдиқлаш ва унинг Экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлашнинг ягона порталида (www.exportportali.uz) эълон қилиб борилишини таъминлаш топширилди.
Молия вазирлигига Экспортни рағбатлантириш агентлигининг буюртманомаларига биноан мазкур Фармоннинг 1-бандида назарда тутилган қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш учун зарур маблағларни республика бюджетидан ажратиб бориш топширилди.
Ҳукумат комиссиясига маҳаллий экспортчи корхоналарнинг мурожаатларига асосан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитларни қайтариш муддатини яна олти ойгача узайтириш ваколати берилади. Бунда, ушбу кредитларни қайтариш муддатининг ўзгартирилиши Марказий банк томонидан кредит шартлари қайта кўриб чиқилган активлар сифатида ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилади.
“Божхона омбори” режимида олти ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштирувида божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллашни тақиқловчи тартиб бекор қилинди.
Ёшлар тадбиркорлигини янада қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, инновацион технологияларга асосланган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш фаолиятини рағбатлантириш мақсадида Ҳукумат комиссиясининг қарорига асосан Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан уларга 500 минг АҚШ долларигача кредитлар ажратишга рухсат берилади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига 2023 йил 1 январга қадар Ҳукумат комиссияси хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо операцияларини тартибга солишнинг вақтинчалик механизмларини жорий қилиш ваколати берилади.
“Ўзтрейд” ва “Ўзсаноатэкспорт” акциядорлик жамиятларига ташқи савдо компанияларини айланма маблағлар билан таъминлаш мақсадида Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 10 миллион АҚШ доллар маблағ ажратилади.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги “Ўзтрейд” ва “Ўзсаноатэкспорт” акциядорлик жамиятларининг устав капиталларидаги давлат акциялари (улушлари) пакетлари бўйича акциядор ҳуқуқини амалга оширади.
Шарҳлар