Президент: «Энди янги мактаблар маҳалла фаоллари, ота-оналар ва жамоатчилик назорати остида қурилади ва фойдаланишга қабул қилинади»

Источник: пресс-секретарь президента Узбекистана

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Энди янги мактаблар маҳалла фаоллари, ота-оналар ва жамоатчилик назорати остида қурилади ва фойдаланишга қабул қилинади, дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтиради президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов

Давлат раҳбари мактаб таълими тизимидаги камчилик ва муаммоларни санаб ўтди. Бугунги кунда республика бўйича 1 минг 695 та мактаб мукаммал таъмирга муҳтожлиги, ҳанузгача 179 та пахсадан қурилган мактаб мавжудлиги, 3 мингдан зиёд мактаб учун қўшимча ўқув бинолари зарурлиги танқид қилинди. Янги массивлар барпо этилиши, қишлоқ инфратузилмаси кенгайиши ва аҳоли ўсиши натижасида яна 270 та мактаб қуришга эҳтиёж бор.

Ҳозирда 2,3 мингта мактабнинг спорт зали мавжуд эмас. Таълим сифати паст бўлган 84 та мактабнинг бирорта ўқувчиси ўтган йили олийгоҳга кирмаган. Мактаб кутубхоналаридаги китоб фонди йиллар давомида янгиланмаган. Миллий мусиқа анжомлари атиги 615 та мактабда мавжуд.

Президентнинг сўзларига кўра, фойдаланиб келинаётган таълим стандартлари, ўқув дастурлари фақатгина назарий билим беришга йўналтирилган бўлиб, уларни мантиқий фикрлашга, амалий кўникмаларни шакллантириш, бир сўз билан айтганда, уларни ҳаётга тайёрлашга ўргатмаяпти.

Шу билан бирга, бугунги кунда 504 минг педагогдан 12 фоизи ўрта махсус маълумотли, 38 фоизида эса умуман малака тоифаси йўқ.

«Таълим сифатини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш бўйича катта ислоҳотларни бошлаймиз», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев ўқитиш методикаси, дарсликлар, партадан тортиб, биносигача тўлиқ қайта кўриб чиқилишини таъкидлади. Энг аввало, келгуси беш йилда 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратилиши лозим. Ушбу мақсадлар учун жорий йилнинг ўзида 527 та мактабни қуриш ва реконструкция қилишга 2,5 триллион сўм ажратилган.

Президент янги қурилаётган ва таъмирланаётган мактаблар ҳам ўқувчилар, ҳам педагоглар учун қулай ва мослашувчан бўлиши, янги қурилаётган мактабларда қуёш панели ва иссиқ сув коллектори албатта бўлиши шартлигини қайд этди. Мутасаддилар ва вилоят ҳокимларига бир ой муддатда янги талаблардан келиб чиқиб, “намунавий мактаб” лойиҳаларини тақдимот қилиш топширилди.

«Мактабларнинг дарс тугаши билан ёпилиши – бу мутлақо нотўғри. Кутубхона, спорт зал, компьютер хоналари, тадбирлар зали доимий ишлаши, уларда ҳар куни мусобақа, концерт, китобхонлик, мушоира, “Заковат” ва бошқа интеллектуал ўйинлар ўтказилиши керак», – дея қайд этади президент.

Халқ таълими вазирлигига келгуси икки йилда барча мактаб ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиб, дарсликларни илғор тажрибалар асосида, тўлиқ янгилаш вазифаси қўйилди. Жорий йилда дарсликларни янгилашга ўтган йилга нисбатан 4 баробар кўп –  605 миллиард сўм ажратилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.