Президент: «…Кўп ҳолларда сафар давомида йўналишни тўсатдан ўзгартиришимга тўғри келади»

Источник: president.uz

“Янги Ўзбекистон” газетаси президент Шавкат Мирзиёев билан суҳбатни чоп этди. давлат раҳбари нашр муҳаррири билан суҳбатда ўзининг “кутилмаган” йўналишлари ҳақида гапирди ва унга тўғри қарорларни қабул қилишда нима ёрдам бериши билан ўртоқлашди, деб ёзади “Газета” нашри.

«Мен Президент сифатида иш бошлаган биринчи кунларданоқ ўз командамни ҳақиқий ҳолатга мутлақо алоқаси бўлмаган баландпарвоз гаплар ва „чиройли“ рақамларни ёқтирмаслигимни айтиб, қаттиқ огоҳлантирганман. Қанчалик аччиқ ва ноқулай бўлмасин, мен фақат тўғри ва ҳаққоний маълумотни билишни истайман. Бу мен учун тўғри қарорлар қабул қилишга ёрдам беради», — дейди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, бу талабни ҳамма ҳам тушуниб етгани йўқ, ҳалиям эскича усулда маълумот беришга уринишлар бўлиб туради.

«Лекин мен бундай ҳолатларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламан. Ана шу ҳақиқатни тушунмаганларнинг кўпчилиги билан хайрлашдик ва бу масалада талаб доимо қаттиқ бўлади», – дея қайд этади президент.

Унинг таъкидлашича, мамлакат бўйлаб амалга оширадиган ҳар бир ташрифдан асосий мақсад — халқ қандай яшаётгани, нима билан нафас олаётганини билишдан иборат.

«Шунинг учун кўп ҳолларда сафар давомида йўналишни тўсатдан ўзгартиришимга тўғри келади. Бундай кутилмаган, ҳеч қандай протоколда қайд этилмаган маршрут”лар жойлардаги раҳбарларни бўшашмасдан, доимо ишчан ҳолатда туришга ўргатади, деб ўйлайман», – дея таъкидлайди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, унинг огоҳлантиришига қарамасдан, жойларда фақат президентнинг ташрифи олдидан кўча ва майдонларни тозалаш, бир кечада бинолар олдида «майсазор» ва «гулзор”лар пайдо қилиш, умуман, ҳақиқий ҳолатни бўяб кўрсатишдек хўжакўрсин ишлар давом этмоқда.

«Кўзбўямачилик, одамларни қийнаш, сохта ва баландпарвоз гапларга ўчлик йиллар давомида баъзи раҳбарларнинг қон-қонига шу қадар сингиб кетган эканки, улардан қутулиш қийин бўляпти. Лекин қандай бўлмасин, бу каби иллатларга бутунлай чек қўйишимиз керак. Чунки бундай ҳолатлар ростгўй, сохта гап ва ишни умуман қабул қилмайдиган халқимизнинг асл табиатига мутлақо ётдир», – дейди у.

«Илгари ҳокимлар ташрифдан ташрифгача бўлган вақт оралиғида бамайлихотир, таъбир жоиз бўлса, ялло қилиб юрарди, энди эса улар ўз олдига аниқ мақсад ва вазифа қўйиб, халқ билан маслаҳат асосида астойдил ишламоқда. Чунки улар билади: Президент келгуси сафар албатта ҳар бир масала бўйича аниқ натижани сўрайди», – дея хулоса қилади давлат раҳбари.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.