Президент: “Кўпчилик менга ОАВни ёпишни таклиф қилади, лекин мен буни қилмайман”

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги 71-сонли янги мактабга ташрифи чоғида яна бир бор оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашини билдирди, деб хабар қилди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов. Бу ҳақда “Газета.uz” ёзмоқда.
“Биз ёпиқ давлат бўлиб оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватламаганимиз учун адолат, халқнинг овозини эшитмадик. Эшитмадик. Эркинлик нафаси ёқадими? Менга ёқади. Тўғри, менга қийинроқ бундай ишлаш. Ҳамма айтади [ОАВларни] ёпиб қўй, деб. Йўқ, ёпмайман. Яна олдингидай прокурор, МХХ текширувчи бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими?” — сўради президент.
Давлат раҳбари оммавий ахборот воситаларини “дўст” билиш зарурлигини таъкидлади.
“Гапирсин — адолатни гапирсин. Танқид қилсин — тўғри танқид қилсин. Шу қишлоққа, мактабга, таълимга фойдаси бўлса, нур устига нур. Мен ҳар куни интернетни ўқийман. Ким қандай гапирганини вақтим борича бир-икки соат қўлимга қалам олиб, ўзимга ёзиб оламан. Барибир, ўнта фикрдан тўққизтаси тўғри бўлиб чиқади», — дея таъкидлади у.
If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.
Шарҳлар