Президент мактаб ўқитувчиларни қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳани эълон қилди

Источник: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 апрель куни халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигининг таҳлили юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Давлат раҳбари мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланишини эълон қилди. Ушбу янги тизим доирасида келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади. Бунинг учун ҳар бир ҳудуддаги Малака ошириш марказлари негизида педагогларни янги методикаларга ўргатувчи Миллий таълим марказлари ташкил этилади. Уларга аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан энг малакали мутахассислар жалб қилинади.

Ҳар бир вилоят кесимида “тренерлар гуруҳи” шакллантирилиб, улар жойларда мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириб боради. Уларнинг ойлик иш ҳақига 100 фоизгача устамалар тўланади.

Ҳокимликлар Халқ таълими вазирлиги билан бирга, ҳар бир туман ва шаҳарда камида 20 фоиз мактабда, йил якунига қадар илғор методикаларни жорий этишни бошлайди. Бу янги тизимни жорий қилиш учун 100 миллион доллар қўшимча маблағ йўналтирилади.

Умуман, янги методикаларга ўқитиш тизими Миллий таълим маркази ва Тошкент давлат педагогика университетидан бошланади. Университет Халқ таълими вазирлиги таркибига ўтказилади, мактаб ўқитувчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича республикадаги таянч муассасага айлантирилади.

Ҳудудларда фаолият юритаётган педагогика институтлари босқичма-босқич университетлар таркибидан алоҳида ажратилиб, мустақил таълим даргоҳига айлантирилади.

Мактабларни компьютер билан таъминлаш бўйича маблағлар ажратилган бўлса-да, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ишлар суст кетаяпти. Олис ва чекка ҳудудлардаги мактабларда таълим сифати қониқарсиз аҳволда.

Йил бошида Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилган эди. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари жойлардаги шундай кенгашлар раҳбари ҳисобланади. Шу боис йиғилишда таълим ривожи паст бўлган ҳудудлар ҳокимлари огоҳлантирилди.

Бугунги кунда мамлакатда 120 та мактаб 3-4 коэффициентда ишламоқда. Яъни ўқувчи сони сиғимга нисбатан жуда кўп. Президентимиз ушбу мактабларда шароитни яхшилаш бўйича кўрсатмалар берди.

Келгуси ўқув йили бошлангунча 960 та мактаб компьютер синфи билан таъминланиши, 740 таси янгидан жиҳозланиши қайд этилди. Умуман, 5 мингдан ортиқ компьютер синфларини янгилаш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниши белгиланди. Бунга республика бюджетидан 200 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлардан ҳам 200 миллиард сўм йўналтирилади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига мактаблар учун алоҳида имтиёзли тарифлар очиш, ўқувчи сонига қараб, мактабларда интернет тезлигини секундига 100 Мегабитгача кўпайтириш вазифаси қўйилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.