Президент мактаб ва маҳаллаларда спорт масканлари ва кутубхоналар барпо этиш бўйича 3 хил типдаги лойиҳа таклифини маъқулламади
30 январь куни Шавкат Мирзиёев ёшлар, спорт, соғлиқни сақлаш, электр энергияси соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради. Мактаблар ва маҳаллаларда спорт масканлари ва кутубхоналар барпо этиш бўйича 3 хил типдаги лойиҳа таклифи ишлаб чиқилган. Биринчисида китоб жавонлари ва спорт қурилмалари ўрнатиш, иккинчисида очиқ спорт майдонлари ҳамда учинчисида ёпиқ иншоотлар барпо этиш назарда тутилган. Давлат раҳбари бу лойиҳаларни маъқулламай, қайта кўриб чиқиш бўйича ўз тавсияларини берди.
«Тасаввур қилинглар: қишлоқларда оддий одамларга нима керак, ёшларга нима керак? Болалар кечқурун нима ўйнайди? Ёши катталар қаёққа бориб, суҳбатлашади? Шуларни ўйлаб, халқимиз хоҳишини инобатга олиб, лойиҳа қилиш керак. Масалан, маҳаллада мактаб, стадион бор. Шунинг ёнида сунъий қопламали мини-футбол майдони, баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка учун жойлар ташкил этиш мумкин. Бунга керак ҳамма нарса ўзимизда ишлаб чиқарилаяпти. Иккинчидан, шу жойларда кутубхона, компьютерхона, ошхона, ҳаммом қурса бўлади. Келгусида шифокор пунктларини ҳам жойлаштириш мумкин. Умуман, бу орқали ҳам хизматлар ривожланади, ҳам одамлар рози бўлади. Ҳар бир маҳалланинг мана шундай иқтисодий, ижтимоий, илмий маркази бўлиши керак, у ерда ҳаёт қайнаши керак», – деди Шавкат Мирзиёев.
Шундан келиб чиқиб, лойиҳани такомиллаштириш, маҳалла марказларини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун тадбиркорларга имтиёз берилади ва эвазига ижтимоий масъулият юкланади. Куннинг маълум соатлари маҳалла ёшлари учун текинга ажратилади. Эгаси бўлгани учун тадбиркор ҳам даромад топади, мажмуа ҳам қаровсиз қолмайди.
Шарҳлар