Президент мамлакатлар раҳбарларини «Умумий манфаатлар йўлида бирлашиш»га чақирди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессиясининг умумсиёсий дебатларида нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари жорий сессия «халқаро муносабатлар тизимида фундаментал ўзгаришлар юз бераётган бир шароитда» ўтаётганини таъкидлади. Бу ҳақда Газета.уз нашри ёзмоқда.
«Жаҳон миқёсида ишонч инқирози кузатилмоқда. Глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш кучаймоқда. Ва буларнинг барчаси кенг кўламдаги кескинлик ортишига сабаб бўлмоқда», — деди у.
«Геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли савдо, инвестиция ва инновация соҳаларида эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар вужудга келмоқда. Ҳатто иқлим ўзгаришлари, очлик ва тенгсизликка қарши кураш сингари бутун башарият тақдирига дахлдор бўлган масалаларда ҳам ўзаро мулоқот издан чиққани сезилмоқда», — деди президент.
«Бундай мураккаб шароитда амалий ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда, мамлакатларни жипслаштириш ғояси ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда», — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
У 2022 йилда Ўзбекистон умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлида «Самарқанд бирдамлик ташаббуси»ни илгари сурганини эслаб ўтди.
«Асосий мақсадимиз мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат», — деди у.
«БМТ бош котиби ташаббуси билан келгуси йил Келажак саммити ўтказилиши халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга, ташкилотимизнинг (БМТ — таҳр.) таъсири ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, деб ишонаман — деди Ўзбекистон президенти.
«Биз барчамиз ҳозирги тарихий туб бурилиш палласида келгуси авлодларга сайёрамизни қандай ҳолда қолдириш ҳақида ўйлашимиз лозим», — деди у.
«Мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка фақат умумий интилишлар ва биргаликдаги ҳаракатлар билан эришиш мумкин. Бизга ўзаро ишонч, бирдамлик ва ҳамкорлик руҳи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.
Шарҳлар