Президент матбуот котиби: «Барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозим»
Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов Россия ва Ўзбекистон раҳбарларининг яқинда бўлиб ўтган телефон суҳбатига изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, кечадан буён мамлакат оммавий ахборот воситалари ва блогерлардан бу ҳақда изоҳ сўралган мурожаатлар келиб тушмоқда.
«Икки томонлама муносабатларнинг кенг кўламли кун тартибида турган долзарб масалалардан ташқари, Ўзбекистон ва Россия етакчилари Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Россия Президенти давлатимиз раҳбарига махсус ҳарбий операцияни ўтказиш тўғрисида қабул қилинган қарорнинг сабаблари ва шарт-шароитлари тўғрисида маълумот берди», – дейилади хабарда.
Ўз навбатида “Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, томонлар вазиятни ҳал қилишнинг ўзаро мақбул йўлларини тез фурсатда топишлари ва унинг янада кескин тус олишига йўл қўйилмаслигига умид билдирди”.
«Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон бу масала бўйича вазмин, нейтрал позицияда. Мамлакатимиз азалдан ҳам Россия, ҳам Украина билан яқин, дўстона муносабатларга эга. Биз кенг минтақамизда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт бўлишидан манфаатдормиз. Барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозим», – дея қайд этади у.
Аввалроқ Кремль Шавкат Мирзиёев “Россия томони тарафидан “Донбассни ҳимоя қилиш учун ҳарбий амалиёт ўтказилиши муносабати билан”кўрилаётган ҳаракатларни тушунишини билдирганлиги” ҳақида баёнот берганди.
Шарҳлар