Германия, Швейцария ва Буюк Британия тажрибаси профессионал ва олий таълимда жорий этилади
Йиғилишда профессионал ва олий таълимдаги масалалар ҳам муҳокама қилинди. Ўтган йилги 380 минг мактаб битирувчисидан 180 минги таълимни коллеж, техникум ёки олийгоҳда давом эттирмоқда. Қолган 200 минг нафари меҳнат бозорига кириб келмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати ёзмоқда.
Дуал таълим билан 234 та профтаълим муассасасида барча ўқувчилар ҳам қамраб олинмаган. Вазирликлар ўзларига тегишли коллеж ва техникумларда ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизимли ишга қўйилиши, улардаги қувватлар 100 фоизга ишлатилиши керак.
«Қурилиш вазирлигида 13 та, Сув хўжалиги вазирлигида 9 та, Ветеринария қўмитасидаги 5 та коллеж ва техникумда малакали амалиётчи усталарни кўпайтириш, иш берувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур. Шу каби камчиликлар олий таълимда ҳам мавжуд. Масалан, бакалавриатда ўнлаб йўналишлар меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди. Кўп олийгоҳлар кредит-модулга ўтди, лекин талабанинг қобилиятини юзага чиқарадиган тизим яратиш зарур»лиги йиғилишда қайд этилган.
Жорий йилда 122 та янги йирик лойиҳалар бошланади. Бу – яқин йилларда мураккаб технологияда ишлай оладиган 10 минг муҳандис ва технологлар керак, дегани.
Лекин, олийгоҳларда бундай мутахассисларни тайёрлаш 20 фоиздан ошмаяпти. Бу борада “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ҳам фаоллаштириш лозим. Хорижга кетган талабаларнинг бор-йўғи 9 фоизи муҳандислик ёки технологиялар йўналишида экани қайд этилди.
«Ўтган йили Давлат тест маркази Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги сифатида қайта ташкил этилди. Лекин, агентлик ҳалигача абитуриентларни имтиҳон қилиш билан чекланмоқда. Шу боис, профессионал ва олий таълимда касбий кўникмаларни белгилаш ва уларни баҳолаш бўйича янги тизим жорий қилинади. Умуман, иш берувчиларда катта эҳтиёж, талабаларда салоҳият ва хоҳиш бор. Шунинг учун коллеж-техникумлар ва олийгоҳларни иш берувчилар билан узвий боғлайдиган тизим яратилади», – дейилган хабарда.
Эндиликда Лойиҳа офиси раҳбари бир вақтнинг ўзида Касбий билим ва малакаларни ривожлантириш республика кенгашига раҳбар бўлади. Бандлик вазирлиги тизимидаги Меҳнат тадқиқотлари институти ҳам Лойиҳа офисига бириктирилади.
Улар Олий таълим вазирлиги билан биргаликда 2024 йилда ўзимизда замонавий конструктор, технолог, архитектор, муҳандис, энергетик каби эҳтиёж юқори касблар бўйича мутахассислар тайёрлайдиган муҳит олиб киришга масъул бўлади.
«Мутасаддиларга 1 майгача талаб юқори 100 та касбни танлаб, Германия, Швейцария ва Буюк Британия тажрибаси асосида касб стандартларини ишлаб чиқиш топширилди. Бунда касбга талаб иш берувчи эҳтиёжига мослашади. Иш берувчиларнинг вакиллари таълим муассасасида жойлашиши учун жуда катта имкониятлар яратилади. Улар билан ҳар бир олийгоҳ, техникум ва коллежда технопарк, лаборатория ва амалий мономарказлар ташкил этиш шартлиги кўрсатиб ўтилди», – дейилган йиғилишда.
Талабалар амалиётни ташкил этилаётган янги корхоналарда кўпроқ ўтказиши лозимлиги таъкидланган.
Шарҳлар