Президент Қатар Давлати Бош вазири билан учрашди

Фото: Презиент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Қатар Давлати Бош вазири, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Қатар делегацияси “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқоти мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турибди. Бош вазир  Ўзбекистон етакчисига Қатар Амири Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

«Икки томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди ва давлат раҳбари сиёсий мулоқот жадал тус олгани, ўзаро  савдо ва инвестициялар ҳажми фаол ошаётганини мамнуният билан қайд этди», – дейилади хабарда.

Ҳозирда мамлакатда Қатарнинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилмоқда. Октябрда Ўзбекистонда Қатар маданияти ҳафталиги бўлиб ўтади.

Қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини тезроқ яратиш муҳимлиги қайд этилди ҳамда трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.