Президент Қозоғистон Бош вазири билан учрашди
Президент Шавкат Мирзиёев 15 март куни Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов бошчилигидаги ҳукумат делегациясини қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Хусусан, бўлажак олий даражадаги қўшма тадбирларга тайёргарлик доирасида ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Хабарга кўра, “суҳбат давомида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш жараёнида, шу жумладан ваколатли вазирлар бошчилигидаги ишчи гуруҳ доирасида тўсиқларни бартараф этиш ва ўзаро келишилган чораларни кўриш зарурлиги айтилган”.
Шунингдек, мамлакатлар стратегик шериклигида муҳим йўналишлар бўлган саноат, транспорт ва логистикада кооперацияни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, устувор тармоқлардаги инвестиция дастурларининг янги портфелини ҳамда транспорт ва энергетика соҳасидаги минтақавий аҳамиятга эга инфратузилмавий лойиҳаларни фаол илгари суриш мақсадга мувофиқ экани таъкидланган.
“Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни тубдан кенгайтириш мақсадида ҳукуматлар даражасида яқин ва тизимли алоқаларни давом эттириш муҳим”, – деган Президент.
Шарҳлар