Президент раислигида ўтказилган хизматлар соҳасини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда кўриб чиқилган масалаларнинг асосийлари

Источник: president.uz

14 декабрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда 5 та туман ва шаҳарда ўсиш суръати паст бўлганлиги қайд этилди. Умуман, жойларда аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси пастлигича қолмоқда. Туман ва шаҳарларнинг аҳоли сони, географик жойлашуви, иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, 3 та йўналиш белгиланди.

Биринчи йўналиш – хизматлар соҳасини 158 та туманда ривожлантириш. Хусусан, сайёҳлик масканлари бор 45 та ҳамда тоғли ҳудуддаги 40 та туманда туризм хизматлари кўпайтирилади.

«Масалан, Шаҳрисабз туманининг Наврўз, Мираки, Оқдарё ва Ҳисор қишлоқларига йилига 500 мингга яқин саёҳатчилар келади. Агар шу ҳудуддаги 65 километр йўл таъмирланиб, интернет ва мобиль алоқа яхшиланса, хизматлар ҳажми 3-4 баробар ошиши мумкин. Натижада меҳмон уйлари, савдо ва овқатланиш шохобчалари очилиб, қўшимча иш ўринлари пайдо бўлади», – дейилади президент матбуот хизматининг хабарида.

Давлат раҳбари бундай туманларни зарур инфратузилма билан таъминлаб, ерларни тайёр лойиҳа билан аукционга чиқариш зарурлигини таъкидлади.

Саноати ривожланган 27 та туманда савдо, умумий овқатланиш, логистика, меҳмонхона ва кўнгилочар масканлар хизматларига устуворлик берилади.

Қишлоқ хўжалигида даромад юқори бўлган туманларда умумий хизматлар билан бирга, замонавий агрохизматлар ривожлантирилади.

Масалан, Қамаши туманида Агрохизматлар маркази, хусусий ветеринария корхоналари ташкил этилади. Туман марказида 200 тонналик совуткичга эга “Экобозор” қурилади ва мингта иш ўрни яратилади. Туман ҳокимларига Қамаши мисолида шундай дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Иккинчи йўналиш – 29 та ўрта ва йирик шаҳар ҳамда аҳолиси 300 мингдан кўп 6 та туманда замонавий бозор хизматлари ривожлантирилади.

Бу борада кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидан самарали фойдаланиш, енгил конструкцияли объектлар учун ер участкаларини аукционга чиқариш бўйича топшириқлар берилди.

Тошкент вилояти тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда ёшларни замонавий хизматларга ўқитадиган IT-академиялар ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Учинчи йўналишга кўра, Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида юқори даромадли хизматларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.

«Мисол учун, пойтахтимизнинг Сергели туманидаги ер усти метроси атрофида савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 5 мингта иш ўрни яратиш имконияти бор. Ёки рассомчилик, ҳайкалтарошлик, ҳунармандчилик маҳсулотлари сотиладиган “санъат кўчалари” ташкил этиш мумкин».

Мутасаддиларга музейлар фаолиятини яхшилаш, кўргазмаларини кенгайтириш ва туристлар учун янги йўналишлар очиш юзасидан кўрсатма берилди. Хорижий меҳмонларга харидлари учун қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизимини барча туристик шаҳарларда йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.

Умуман, Тошкент, Наманган ва Самарқанд шаҳарларида хизмат кўрсатиш соҳасида 750 минг иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. Келгуси йилда хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга 500 миллион доллар ажратилиши белгиланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.