Президент “Реновация тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф қилди

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 апрель куни янги уй-жойлар қурилиши ва 2023 йилги ипотека дастури бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Эски уйлар кўп бўлган шаҳарларда реновация дастурига талаб ортаяпти. Давлатимиз раҳбари бунинг ҳуқуқий пойдевори бўлиши кераклигини таъкидлаб, “Реновация тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Қурилиш таннархини пасайтириш учун ёғоч, фанера, ёғочли опалубка ва ойнани импорт қилишда 2025 йилга қадар божхона божи бекор қилинади. Юқори маркали цемент бўйича божхона божи имтиёзи яна 1 йилга узайтирилади. Бунинг ҳисобига уй-жой қуриш таннархи 5 фоизгача пасаяди.

Пудратчи ташкилотларга қурилаётган уйни қаватма-қават гаровга қўйиш ва ҳар бир қавати учун кредит олиш ҳуқуқи берилади. Қурувчи компанияларга ҳар бир кўп қаватли уй учун компенсация ва кафиллик берилади.

Яна бир масала – бугунги кунда кўп жойлардаги қурилишлар уларнинг инфратузилмаси қувватига мутаносиб эмас. Мисол учун, Тошкент шаҳрининг аҳолиси ҳар йили 100 мингга кўпаймоқда, йилига қўшимча 20 минг хонадонга эҳтиёж бор. Шаҳар оқова сув тозалаш иншоотлари қувватидан анча ортиқ юклама билан ишлаяпти.

Шунинг учун энди сув, оқова, электр, газ, йўл инфратузилмасини яхшилашга инвестор-девелоперлар ҳам жалб қилиниши мумкинлиги айтилди.

Сўнгги ойларда дунёда ҳам, минтақамизда ҳам сейсмик фаоллик кузатилаяпти. Шу боис 1 майдан бошлаб, қурилиш мўлжалланган майдонда муҳандислик-геологик экспертиза ўтказиш мажбурий бўлиши, сейсмик хавфсизлик талаблари юқори бўлган бино-иншоотлар фақат рейтинги баланд корхоналар томонидан қурилиши белгиланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.