“Президент совғаси” таркибига смарт соат ва планшетлар киритилган
Янги йил байрами муносабати билан юртимиздаги Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун бериладиган “Президент совғаси” карвонлари ҳудудларга жўнаб кетмоқда. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар беряпти.
«Пойтахтда “Президент совғаси”ни қадоқлаш, ҳудудларга жўнатиш жараёнлари доир тадбир ўтказилган. Ушбу тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилиб, жараёнлар билан яқиндан таништирилди», – дейилади хабарда.
Умумий ҳисобда 11 000 дона тайёрланган “Президент совғаси” таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, 17 турдаги ширинликлар, 2 номдаги канцелярия маҳсулотлари, смарт соат, дартс магнит тахтаси ва бошқа совғалар киритилган.
«Шунингдек, 12 ёшдан катта 1600 нафар тарбияланувчилар совғалари таркибига планшетлар ҳам ўрин олган», – дейилади.
“Президент совғаси” ҳудудий ҳокимликлар иштирокида жорий йилнинг 29-30 декабрь кунлари тантанали тарзда топширилиши режалаштирилган.
Шарҳлар