Президент Сурхондарё вилоятида 6 та янги корхонани ишга тушириш маросимида қатнашди

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида вилоят аҳолисини жами 2 минг иш ўрни билан таъминлайдиган олтита янги корхонани ишга тушириш маросимини ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.

Термиз шаҳридаги “Indenim Cluster” масъулияти чекланган жамияти пахта толасидан тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 400 та янги иш ўрни ташкил этилган.

Жарқўрғон туманидаги “Фабулло строй сервис” корхонасида йилига 75 минг куб метр автоклав газоблок ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, 80 та янги иш ўрни ташкил этилди.

Ангор туманидаги “Ангор Барака” масъулияти чекланган жамияти савдо мажмуасида миллий ҳунармандчилик маркази ташкил этилган. У ерда йилига қарийб 125 минг дона тайёр тикувчилик, 50 турдаги миллий либослар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари тайёрланиб, минг нафарга яқин хотин-қизнинг бандлиги таъминланади.

Сариосиё туманидаги кичик саноат зонасида замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади.

“Termiz agro impeks” масъулияти чекланган жамияти томонидан Термиз туманида 3 минг тонна сиғимга эга музлаткичли омборхона, замонавий иссиқхона барпо этилиб, 220 кишининг бандлигини таъминлаган.

Тўпаланг гидро электр станциясини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида унинг умумий қуввати 175 мегаваттга етмоқда. Бу йилига 467 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқариш имконини беради.

Умуман, мазкур 6 та корхона 2 мингта янги иш ўрни яратади, уларнинг фаолияти туфайли вилоят ишлаб чиқаришига 370 миллиард сўм, экспортига 20 миллион доллар қўшилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.