Президент: «Техникумларга бўлган ёндашувларни ўзгартириш керак»
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 июнь куни аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда касб-ҳунар таълимини замон талабларига мослаштириш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.
45 та коллеж Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимига ўтказилиб, уларнинг ўрнида мономарказлар ташкил этилади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги касб-ҳунар мактаблари ва техникумларни бошқариш ва методик таъминлашга масъул бўлади.
Ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарда Касб-ҳунар таълими кенгашлари ташкил этилади ва уларга ҳокимлар раҳбарлик қилади. Кенгаш таркибига давлат идоралари, банк, ректорлар, Савдо-саноат палатаси ҳамда туман иқтисодиётидан келиб чиқиб, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва сервис корхоналари раҳбарлари киради. Улар мутахассисларига бўлган эҳтиёж асосида, мономарказ ва коллежларда ўқитиладиган касбларни белгилайди, ёшларни ишлаб чиқариш корхоналарига бириктириб, амалиёт ўташини ташкил этади.
«Техникумларга бўлган ёндашувларни ўзгартириш керак. Улар “институтга киришнинг осон йўли” эмас, мураккаб касб берадиган, меҳнат бозорида рақобат қиладиган тизим бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Келгуси йил 1 январдан бошлаб, илмий даражаси бор техникум ўқитувчиларининг иш ҳақини олийгоҳлардагига тенглаштириш, янги ўқув йилидан техникум ва коллеж ўқувчилари учун ҳам имтиёзли таълим кредитини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига янги ташкил этиладиган мономарказларда замонавий касблар ва хорижий тилларни ўқитиш, Туркия, Жанубий Корея, Германия, Ҳиндистон ва Япониядан мутахассислар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.
Келгуси йил 1 январдан уларнинг ойлиги мактаб ўқитувчиларининг маошига тенглаштирилиши айтилди. Ўқитувчилар малака тоифаси учун тўланадиган устама ўртасидаги фарқ 2 баробарга оширилади. Эришган натижасига қараб, фидойи ва ташаббускор мураббийларнинг ойлигига 50 фоизгача устама тўлаш жорий этилади. Келгуси йилда бунинг учун бюджетдан қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади.
Шу билан бирга, профессионал таълим муассасалари педагоглари малакасини оширишнинг янги тизими яратилади. Университетлар ҳузуридаги малака ошириш факультетлари ўрнига ҳар бир вилоятда Профессионал тайёргарлик марказлари ташкил этилади. Бу марказлар иш берувчиларнинг эҳтиёжини ўрганиб, хорижий тажриба асосида педагоглар малакасини оширади.
Аҳолини касб-ҳунарга ўқитишда хусусий сектор улушини кўпайтириш учун ҳам бир қатор имтиёзлар белгиланди. Унга кўра, энди лицензия олиш учун талаблар енгиллаштирилиб, зарур маблағнинг минимал миқдори 2 бараварга камайтирилади. Бўш бинолар узоқ муддатга ижарага берилади. Хориждан келтириладиган қўлланма ва ускуналар божхона тўловларидан озод қилинади. Халқаро малака сертификатини олган ҳар бир битирувчи учун 1 миллион сўмдан тўланади. Эҳтиёжманд ёшлар тўлов-контракти маблағининг 30 фоизи қоплаб берилади.
Шарҳлар