Президент Туркиянинг Хатай провинциясини қайта тиклашга Ўзбекистон ёрдам беришини билдирди
16 март куни Туркий давлатларнинг навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтди ва унда Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Давлат раҳбари Туркияда юз берган вайронакор зилзилалар юзасидан таассуф билдирди.
«Дўстларимиз диёрида юз берган, мисли кўрилмаган ҳалокатли зилзила барчамизнинг қалбимизга чексиз қайғу ва изтироб солди. Зеро, бу мудҳиш офат натижасида бизнинг жондан азиз ота-оналаримиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз ва фарзандларимиз қурбон бўлди ва жабрланди. Бу йўқотишнинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди».
Шу муносабат билан, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон зарар кўрган ҳудудни тиклашда иштирок этишини ва ҳар томонлама ёрдам беришини айтди.
«Туркияда бугун муҳтарам Президент Режеп Таййип Эрдоған бошчилигида олиб борилаётган тезкор чора-тадбирларни, жумладан, аҳоли учун юз минглаб янги уй-жойлар қуриш ва инфратузилмани тиклаш бўйича ғоят муҳим режа ва дастурларни алоҳида эътироф этишни истардим», – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент талафот кўрган ҳудудлардан ёши улуғ инсонлар ва нуронийларнинг юртимизда соғлиғини тиклаши ва дам олишлари, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк аждодларимиз қадамжоларини зиёрат қилишлари учун барча қулай шарт-шароитларни яратиб берилишини қайд этди.
Давлатимиз раҳбари Хатай вилояти ёшларини ёз фаслини Ўзбекистонда ўтказиш, диққатга сазовор жойлар билан танишиш, ўзбекистонлик тенгдошлари билан биргаликда тадбирларда иштирок этишга таклиф қилди.
«Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида Ташкилотимизнинг тизимли ҳамкорлик платформасини ташкил этиш ташаббусини илгари сураман. Бу платформа доирасида аниқ механизмларни жорий этиш ва муҳим чоралар кўришни кечиктириб бўлмайдиган вазифа, деб ҳисоблайман. Биринчидан, Ташкилотимиз доирасида табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган кўп томонлама битимни тезроқ ишлаб чиқиш долзарб аҳамиятга эга. Бу борада Туркия томони тақдим этган фуқаролар муҳофазаси бўйича тизим яратиш ҳақидаги ҳужжат лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», – деди президент.
Унинг сўзларига кўра, фавқулодда вазиятлар бўйича вазирлик ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштириш зарур.
«Уларнинг навбатдаги йиғилишида энг устувор йўналишлар бўйича қўшма ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш айни муддао бўлар эди. Асосий диққатни техник хавфсизлик талабларига қатъий эътибор қилиш ва жаҳоннинг энг илғор тажрибасини соҳага татбиқ этиш; аҳолининг доимий хабардорлигини ошириб бориш; қутқарув хизматлари мутахассисларининг малака ва тажрибасини ошириш; қўшма ўқув машқларини ўтказишга қаратишимиз керак. Учинчидан, бундай кутилмаган ва оғир синовли пайтларда ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни бартараф этишда яқиндан кўмак кўрсатиш механизмларини жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Сўз озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш молларини тўсиқсиз етказиб бериш, саноатни тиклашга қаратилган кооперация лойиҳаларини ишга тушириш ҳақида бормоқда. Албатта, бугун расман таъсис этилаётган Туркий инвестиция фондининг илк молиявий ресурсларини ҳам ушбу лойиҳаларга жалб этиш мумкин, деб ҳисоблаймиз».
Президент илмий ва технологик соҳаларда эришилган ютуқларга қарамасдан, зилзилалар, сел ва сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари, бўронларни олдиндан аниқлаш ва эрта огоҳлантириш ҳамон долзарб вазифа бўлиб қолаётганини қайд этди.
«Бу жараёнларни чуқур ўрганиш, соҳага илмий ва технологик янгиликларни кенг жорий этиш катта ижобий самара бериши аниқ. Шулардан келиб чиқиб, Ташкилотимиз доирасида Табиий офатлар мониторинги ва таҳлили марказини тузиш ҳамда уни Тошкентда жойлаштириш бўйича ташаббусимизни маъқуллайсиз, деб ишонаман», – дея хулоса қилади Шавкат Мирзиёев.
Шарҳлар