Президент: Ўзбекистонда аҳоли харажатларининг 40-50% озиқ-овқат маҳсулотларига тўғри келади

Источник: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 июль куни озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни ва аҳоли даромадларини кўпайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилиш давомида дунёда озиқ-овқат танқислиги кучайиб бораётгани қайд этилди. Экспортга қўйилаётган чекловлар ва транспорт-логистикадаги узилишлар муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда. Таҳлилларга кўра, жорий йилда дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи камида 20 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Мамлакатда аҳоли даромадининг 40-50 фоизи озиқ-овқатга сарфланади. Шу боис бундай маҳсулотларни кўпайтириб, нарх-навонинг аҳоли рўзғорига таъсирини юмшатиш чоралари кўрилмоқда.

Йил якунигача яна 20 минг гектар, келгуси йилда 100 минг гектар экин майдони аҳоли учун ажратилиши таъкидланди. Шунда жами 200 минг гектар бўлади.

Маҳсулот етиштириш ва сотишда аҳолига кўмаклашиш учун маҳаллаларга ҳосилдор уруғ ва кўчат етказиш, кичик ҳажмли музлаткичлар ўрнатиш, иссиқхоналарни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Хусусан, сув таъминоти оғир маҳаллаларда катта қудуқ қазиш харажатлари учун ажратиладиган субсидия миқдори 150 миллион сўмгача оширилиши белгиланди. Кичик қудуқлар учун Қорақалпоғистонда 5 метрдан, қолган ҳудудларда 10 метрдан ортиқ чуқурликнинг ҳар бир метрига 100 минг сўмдан субсидия берилади.

Қудуқ қазишга гидрогеологик хулосалар 2025 йилга қадар бепул берилади. Сув тежовчи технологиялар жорий этиш бўйича бериладиган субсидиялар деҳқон хўжаликлари учун ҳам татбиқ этилади.

Адлия вазирлигига кадастри йўқ хонадонлар масаласини узил-кесил ҳал қилиш учун алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш топширилди. Янги қонун қабул қилингунига қадар, бу уйларга уч карра оширилган солиқ қўллаш тўхтатиб турилади.

Ҳисоб палатасига маблағлар сарфи, айниқса, қурилишни молиялаштириш, субсидия ва компенсация ажратиш жараёнларини рақамлаштириш вазифаси қўйилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.