Президент жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини икки бараварга оширишни топширди
Аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини ҳозиргидан 2 баробар ошириш Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги олдида турган асосий вазифа сифатида белгиланди. Президент Шавкат Мирзиёев 19 январь куни Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.
Бунда тизимли ёндашув ва одамлар оғирини енгил қилиш мақсади устувор бўлиши, барча транспорт турлари – йўналишли, темир йўл транспорти ва метро линиялари, велосипед ва пиёдалар ҳаракатига мўлжалланган йўлларнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш ва комплекс ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Тақдимотда 350 та автобуснинг фойдаланиш муддати 10 йилдан ошгани, 393 та автобус етишмаслиги, тирбандликлар оқибатида автобуслар орасидаги интервал тиғиз пайтда 30 дақиқагача етаётгани қайд этилди.
«Оқибатда йўловчилар бу хизматдан норози бўлиб, шахсий транспортдан фойдаланишга ўтиб кетмоқда. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 79 фоизни, жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси эса бор-йўғи 21 фоизни ташкил этмоқда», – дейилади президент матбуот хизматининг хабарида.
Шавкат Мирзиёев ҳудудлардан Тошкент шаҳрига келишдаги асосий йўлларда 10 та замонавий шоҳбекат, йўловчилар жуда кўп бўладиган 6 та метро бекати ёнида автотураргоҳлар барпо этиш бўйича топшириқларни берди.
Президент йўловчилар оқимининг келгуси 5 йиллик прогнозидан келиб чиқиб, жамоат транспорти тизимининг иқтисодий-математик моделини яратиш, Транспорт университети илмий салоҳиятини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Давлат раҳбари йўл ҳаракатини тўғри ташкил этиш орқали мазкур чорраҳаларда ўтказувчанлик ва қулайликни ошириш кераклигини таъкидлади. Бу йил 200 та чорраҳада ҳаракатни транспорт оқимига қараб бошқариш тизими жорий этилиши, 180 километр пиёда ва велосипед йўлаклари қурилиши, 2 минг автомобилга мўлжалланган тўхташ жойлари ташкил этилиши белгиланди. Шунингдек, жорий йилда автобус паркининг 35 фоизи янгиланади. Бунинг учун 410 та автобус ва электробус харид қилиниб, катта сиғимли автобуслар сони 2 баробар оширилади. Шунингдек, шаҳарда электромобиллар сони кўпайиб бораётганини ҳисобга олиб, улар учун қувватлаш станцияларини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига пойтахтимизда жамоат транспортини ривожлантириш концепциясини қайта кўриб чиқиб, кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш топширилди.
Шарҳлар