Президент ЖСТга тўлақонли аъзо бўлиш — Ўзбекистоннинг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади
Яқин орада Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш йўлидаги устувор йўналишлардан биридир. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида айтиб ўтди.
Унинг таъкидлашича, глобал таҳдидларга қарамасдан, мамлакат иқтисодиёти «изчил ислоҳотлар» туфайли «барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда».
«Сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 1,5 мартадан ортиқ кўпайди. Бизнинг бош мақсадимиз — 2030 йилга қадар бу кўрсаткични яна 2 баробарга оширишдир», — деди президент.
«Халқимизнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайди. Биз 2030 йилгача уни 7 фоизга туширишни режа қилганмиз», — деди у.
«Аҳолини ичимлик суви, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий хизматлар билан таъминлаш кўламини бир неча бор оширишни белгилаганмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент БМТ бош котибининг «Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори» борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу ташаббус доирасида тажриба алмашиш учун 2024 йилда БМТ шафелигида «Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл» бутунжаҳон конференциясини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.
Шарҳлар