“Профессионал таълим учун масъул идоралар кўпайиб кетгани учун тизим ривожланмаяпти”. Президент Олий таълим вазирлиги фаолиятига эътироз билдирди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Давлат раҳбари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги фаолиятига эътироз билдирди.
Профессионал таълим учун масъул идоралар кўпайиб кетгани учун тизим ривожланмаяпти. Иш берувчилар ва техникумлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур.
Олий таълимда қамров кескин ошди, соҳага хусусий сектор кириб келди. Лекин сифатга етарли эътибор қаратилмаяпти.
Масалан, талабаларнинг мустақил ишлаши учун муҳит барча олийгоҳларда ҳам бирдек намунали ташкил этилмаган. Аксарият коллеж ва техникумлар ҳам, олийгоҳлар ҳам иш берувчилар талаби билан ҳисоблашмайди. Айримларида дарслик ва адабиётлар етишмайди, бори ҳам бугунги талабларга жавоб бермайди.
Илм-фан ва инновацияларга етти йилда 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Лекин илм-фанда “харажат – тадқиқот – маҳсулот” деган формула ишламаётгани қайд этилди.
Умуман, айрим ректорларда ташаббус, интилиш, фидойилик етишмаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу боис, олий таълим, фан ва инновациялар бўйича янги вазир тайинланиб, унинг олдига профессионал ва олий таълимда кескин ўзгариш қилиш вазифаси қўйилди.
Шарҳлар