Прокуратура “Олмалиқ ғиштчи” корхонасига ва “Олмалиқшаҳаргаз” филиалининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатди

Источник: Минэнерго

Ижтимоий тармоқларда “Тошкент вилояти прокурори газ тармоғига ноқонуний уланган ғишт заводини ўчирмасликни сўради” мазмунидаги хабарлар тарқалди. Энергетика вазирлиги ушбу хабарга изоҳ берди.

Олмалиқ шаҳрида жойлашган “Олмалиқ ғиштчи” МЧЖга қарашли ғишт заводи 2022 йил 29 ноябрь куни ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун газ таъминотидан узилган. Куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини газ билан таъминлаш зарурати туфайли табиий газдан фойдаланишни вақтинчалик тақиқлаш доирасида ушбу корхонани тармоқдан узиш белгиланган тартибда амалга оширилган.

Текширув давомида ишчи гуруҳ томонидан мазкур хўжалик субъекти кейинчалик маҳаллий газ таъминоти ташкилоти кўмагида табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан улангани аниқланди. Ўтган давр мобайнида ғишт заводи томонидан 118 282 метр куб табиий газ ноқонуний фойдаланилиб, 118 миллион сўмлик зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олмалиқ шаҳар прокуратураси томонидан 2022 йил 9 декабрь куни “Олмалик ғиштчи” МЧЖ ва “Олмалиқшаҳаргаз” филиали мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

“Текширув давомида маълум бўлишича, вилоят газ таъминоти ташкилоти раҳбари прокуратурага мазкур корхонанинг фаолият юритиши зарурати тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб, буни маълум экспортчилар рўйхатига киритилгани билан изоҳлаган ва бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Аниқланган фактлар юзасидан унга нисбатан ҳам терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда».

Айни пайтда Энергетика вазирлиги томонидан Бош прокуратура билан яқин ҳамкорликда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ барча аниқланган фактлар бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.

Аввалроқ Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Тошкент вилояти прокурори Шавкатжон Раҳимов Ўзбекистон Президенти Администрациясидан тармоққа ноқонуний уланган Олмалиқ ғишт заводини газ таъминотидан узмасликни сўрагани ҳақида хабар берган эди.

“Буларнинг ортида ким турганини аниқлаймиз. Ким бўлишидан қатъи назар – ҳокимми, прокурорми, солиқ ходимими, агар тадбиркор билан тил бириктирган бўлса, у жавобгарликка тортилади. Қолаверса, ҳеч бўлмаганда вилоят раҳбарларининг эътиборсизлиги масаласи ҳам кўриб чиқилади”, — таъкидлади у.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.