Путин уруш бошланганидан буён ўзининг Си Цзиньпин билан биринчи учрашувида уни Украина бўйича тутган позицияси учун мақтади

Источник: пресс-служба ШОС

Россия президенти Владимир Путин Хитойнинг “Украина инқирози” билан боғлиқ хавотирларини тушунишини айтди ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан музокараларда барча масалаларга ойдинлик киритишни таклиф қилди. Бу ҳақда  BBC ёзади.

Россия президенти Украинадаги уруш бўйича “хитойлик дўстларнинг мувозанатли позицияси”ни юксак қадрлашини айтди, шунингдек, “АҚШ ва унинг сателлитларининг Тайван бўғозидаги провокацияларини” қоралаб, Хитойни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Хитой раҳбари анча жўяли жавоб қайтариб,  Хитой “Россия билан биргаликда буюк давлатлар ролини ўз зиммасига олишга ва дунёга барқарорлик ва ижобий энергия олиб келиш учун етакчилик ролини ўйнашга” тайёрлигини айтди.

Путин ва Си 15 ва 16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида учрашди. Ҳар икки етакчи учун бу хорижга бир неча ташрифлардан бири. Уруш бошлангандан бери Путин бор-йўғи учта хорижий сафарни амалга оширди, бу Си Цзиньпиннинг 2020 йилда пандемия бошланганидан бери биринчи расмий ташрифи.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Ҳиндистон, Покистон, Туркия, Эрон ва бошқа давлатлар раҳбарлари ҳам иштирок этмоқда, бироқ Кремль Путин ва Си учрашувининг муҳимлигини таъкидлади.

«Мазкур халқаро вазиятнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ушбу учрашувнинг ўзи алоҳида аҳамиятга эга», деди бир кун аввал Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков. «Хитой Украина инқирозига мувозанатли ёндашмоқда ва Россияни махсус ҳарбий операцияни бошлашга мажбур қилган сабабларни тушунишини аниқ таъкидламоқда ва бу масала, албатта, батафсил муҳокама қилинади» деди ва учрашувни «узоқ кутилган шахсий алоқа»дея қўшимча қилди у.

Икки давлат раҳбарлари охирги марта февраль ойида Пекиндаги Қишки Олимпиада ўйинлари пайтида учрашган, шундан сўнг “Икки давлат ўртасидаги дўстлик чегараси йўқ” дея қўшма баёнот чиқаришган. Бир неча ҳафта ўтгач, Россия Украинага бостириб кирганди.

Москва нимага эришмоқчи ва Пекин нимани кутяпти

Украинага бостириб киргандан сўнг Путин ўзини Ғарбдан яккаланиб қолган ва Си Цзиньпин каби нуфузли дунё етакчиси билан учрашиши Кремль учун Путиннинг жаҳон саҳнасидаги обрўсини сақлаб қолиш йўлида фойдали бўлиши мумкин. Бироқ, Россия президенти олдида долзарброқ вазифалар турибди.

Украинадаги уруш мисли кўрилмаган санкциялар тўлқинини келтириб чиқарганини ҳисобга олсак, Россия Хитой сармояси, технологияси ва ўзаро савдосидан жуда манфаатдор. Ғарб компаниялари Россия бозоридан оммавий равишда чиқиб кетганидан сўнг, Путин учун уларнинг ўрнини хитойлик фирмалар эгаллаши муҳим.

Лекин аслида,  Би-Би-Cи ёзганидек , бу содир бўлмайди. Россиянинг Хитойга экспорти тезроқ ўсиб бормоқда, Хитойдан импорт эса, аксинча, секинлашмоқда.

Қолаверса, Ғарб Россия нефть ва газига қарамлигини камайтиришга уринаётган бўлса, Москва нефть етказиб беришни Шарққа, жумладан, Хитойга йўналтиришга ҳаракат қилмоқда.

Москва Украинадаги урушни давом эттириш учун қурол-яроғ етказиб беришдан ҳам умидини узмоқда, аммо хайрихоҳ риторикага қарамай, Хитой Россияга ҳарбий ёрдам беришда жуда эҳтиёткор.

Си Цзиньпин учун Ўзбекистонга ташриф ва Путин билан учрашув ҳам муҳим, чунки бир ойдан сўнг, 16-октабр куни Хитойда мамлакат Коммунистик партиясининг муҳим 20-Миллий қурултойи бўлиб ўтадики, унда Си аввал мисли кўрилмаган учинчи муддатга сайланади.

Тайван ва Гонконг оммавий ахборот воситалари Сининг ШҲТ саммитига ташрифини унинг партияни ҳам, мамлакатни ҳам тўлиқ назорат қилишига ишора сифатида қабул қилмоқда. Бундан ташқари, эҳтимол, шу йўл билан Хитой АҚШга жаҳон саҳнасида ўз мавқеини сақлаб қолиш ниятида эканлигини очиқ-ойдин билдирмоқчи.

Ҳарбий муваффақиятсизликлар фонида

Си ва Путин ўртасидаги учрашув Украина қўшинларининг кенг кўламли қарши ҳужуми фонида ўтмоқда.

Бироқ Пекин Украинадаги урушга нисбатан “нейтрал позиция”ни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Бир томондан, Хитой расмийлари бу урушда АҚШ ва НАТОни бир неча бор айблаган бўлса, бошқа томондан, Россияга кўпроқ жиддий ёрдам берилмаган.

Россия ҳарбий муваффақиятсизликлари Си Цзиньпинга Путин билан музокараларда устунлик беради, дейди таҳлилчилар. Шу билан бирга, бу икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг умумий йўналишига таъсир қилмайди, чунки улар стратегик– Ғарбга қарама-қарши туришдек муштарак манфаатга эга.

«Россия ғалаба қозонадими ёки ютқазадими, Хитой Россия билан алоқаларни янада ривожлантириш истагини ўзгартирмайди», деди Стимсон Америка таҳлил марказининг Хитой дастури директори Юнь Сун Wall Street Journal нашрига берган интервьюсида. – Агар Россия ғалаба қозонса, Хитой кучли иттифоқчига эга бўлади. Агар Россия ютқазса, эҳтимол Хитойнинг вассалига айланар”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.