Путин: Ўзбекистон ва Қозоғистон билан газ иттифоқи масаласи ўзаро келишув ва муроса қарорларини талаб қилади
Ўзбекистон ва Қозоғистон билан газ иттифоқини яратиш масаласи ўзаро келишув ва муроса қарорларини талаб қилади, деди Россия президенти Владимир Путин. Бу ҳақда “РИА Новости” ёзади.
“Ўзаро келишувни, келишилган ва, эҳтимол, қаердадир муросали ечимларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни талаб қиладиган кўплаб масалалар бор-ки, уларни албатта топиш мумкин. Яъни, шу маънода бу қандайдир энергетика иттифоқи бўлиши мумкин”, — деди Путин.
Шу билан бирга, президент ЕОИИ мамлакатлари олдидаги мажбуриятлар ҳақида ҳам гапирди.
“Ўзбекистон ҳозирча кузатувчи мақомида, лекин бу, албатта, Ўзбекистоннинг ЕОИИ фаолияти билан яқиндан танишиши ва бу ерда бутун ЕОИИ билан умумий тил топиши учун сабабдир”, — қўшимча қилди у.
Аввалроқ Ўзбекистон Энергетика вазирлиги раҳбари Россиядан газ импорти фақат тижорат шартномалари орқали амалга оширилишини маълум қилганди.
«Биз миллий манфаатларимизни ҳеч қачон хавф остига қўймаймиз. Агарда сиз айтаётган чорага йўл қўядиган бўлсак ҳам, фақатгина тижорий олди-сотди шартномалари орқали амалга оширамиз. Бунинг эвазига бирор сиёсий шарт қўйилишига йўл қўймаймиз. Агар газни чегарамизгача олиб келиб, бизга маъқул нархда берса, оламиз, бўлмаса йўқ. Бошқа чораларни кўрамиз», — деганди у.
Шарҳлар