Қўйлиқдаги собиқ “Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” тугатилди

Фото: Anhor.uz / Бобур Каримов

5 январь куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги телеграмдаги расмий каналида Қўйлиқдаги “Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори”да қурилиш ва реконструкция ишлари бошланишини маълум қилди. Шу сабабли, бозор вақтинча ёпилди. Ҳокимлик реконструкция даврида бозордаги тадбиркорларга ўз фаолиятини Food city, Tashkent Index ва бошқа савдо мажмуаларда давом эттиришни таклиф қилганди. Anhor.uz интернет нашри орадан бир кун ўтиб, бугун, 6 январь куни бозорга борганди. Савдогарлар аллақачон бошқа савдо нуқталарига кўчирилиб бўлинган эди. Бу бўйича икки маротаба репортаж тайёрлаб томошабинлар эътиборига тақдим қилинганди.

Пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига қулай жойлашув нуқтасида бўлган бозорда савдо расталари ва дўконлари бузилиб бўлинганди. Бозорга кираверишда эса “бозор ҳудудида кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилиши сабабли ўз фаолиятини тўхтатишини маълум қиламиз” ёзуви акс этган ёзув тахталари ўрнатилган. 

“Бу ер яқин орада нима бўлади, бозор қайта тикланадими йўқми, бу ҳақда на бозор ҳудудига, на пойтахт ҳокимлигининг расмий саҳифаларида маълумот берилмаган”, – дея эслатиб ўтгандик.

Бугун тарқалган хабарларга кўра,

«Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 22.07.1999 йилда 1226-рақам билан рўйхатдан ўтказилган, Тошкент шаҳри, Бектемир тумани, Тошкент автомобил халқа йўли манзилида жойлашган (ИНН: 202966895) “Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” АЖ 2024 йил 29 февралдан жамият акциядорларининг 2024 йил 29 февралдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиши қарорига кўра ихтиёрий тугатилмоқда.
Тугатилаётган “Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” АЖ бўйича мурожаатлар тугатиш тўғрисидаги эълон чиққан пайтдан эътиборан икки ой давомида Тошкент шаҳри, Бектемир тумани, Тошкент автомобил халқа йўли (Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори маъмурияти) манзилида қабул қилинади», – дейилган хабарларда.

Аввалроқ, нашримиз «Бозор бузилишига ҳайратланиб қараётган тошкентликлар, Қўйлиқдаги улгуржи савдо маркази бошқа жойга кўчирилди» ҳамда «Журналист ва камерага ташланган бозор қўриқчиси, ишсиз қолаётганлар ва фуқароларнинг “фарёди” – Anhor.uz репортажида» мавзуларида суриштирувларни тақдим қилганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.