Расул Кушербаевдан кейин Нуриддин Зайнитдинов ҳам ўзининг депутатлик фаолиятини якунлаши ҳақида билдирди

Источник: t.me/nuriddin_zaynitdinov

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг депутатлик фаолиятини якунлашини эълон қилгани ортидан халқ депутатлари Учтепа туман Кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдинов ҳам худди шундай қарорга келганинини маълум қилди. Бу унинг якуний қарори, деб ёзади «Газета» нашри.

Нуриддин Зайнитдинов шундай деб ёзади: «Дўстимиз, депутат Расул Кушербаев билан бўлган ҳолатни қоралайман. Қачонгача депутатлар оғзини ёпиш, қасддан уларни позициясини билдиришига қаршиликлар бўлади? Депутатларни босим бўлса, ҳамма жим… Депутатларни қамамоқчи бўлса, ҳамма жим… Депутатларни тақиб қилса, ҳамма жим… Маҳаллий Кенгаш депутатлари дахлсизлиги бир туман билан челанса, хамма жим… Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатга кафолатланган сўз берилмаса, хамма жим…Гапирма! Индама! Аралашма! Қачонгача бундан гапларни эшитамиз?! Депутатнинг гапиришдан бошқа нимаси қолмоқда? Энди шунгаям йўл берилмаса…

Хуллас Расул Кушербаевни тўлиқ қўллаб қўватлайман. Депутат бўлиб, эмин-эркин депутатлик қилолмайдиган шароитда ишлаб бўлмайди. 2022 йилни ўзида 2−3 маротаба менга бўлган босимлар ва ноқонуний ишларни айбдорларига шу кунгача чора ҳам кўрилмади. Оиламгача, қариндошларимгача таъқиб ва босим қилишга боришди… Мен ҳам маҳаллий Кенгаш депутатлигидан кетишга қарор қилдим. Бу қарор вақт масаласи эди…”.

«Газета.uz» билан қисқа суҳбатда депутат доимий стрессдан жуда чарчаганини тан олди. «Оиламга керакман», деди у.

«Депутат бўлиб ўзимни ҳеч ўйламаганман. Беш йилдан бери фақат халқ манфаати деб ишладик. Бирор наф учун эмас. Лекин вазият ёмонлашиб кетмоқда. Ўзгариш йўқ. Кенгашлар ажралади, дейилди, ажралиш йўқ (гап ҳокимлар ва Кенгашлар ваколатларини тақсимлаш ҳақида кетяпти — таҳр.)», — деди Нуриддин Зайнитдинов.

Кузда Нуриддин Зайнитдинов бир неча депутатлик текширувлар ўтказгани ортидан унга «сиёсий буюртма» билан провокация уюштирилаётганини маълум қилганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.