“Ресурс йўқ, гаров таъминоти керак”, энди банкларнинг бу баҳоналари ўтмайди – Президент
Президент яна 70 та туманда минерал ўғит сақлаш омборларини ташкил қилиш бўйича топшириқ берди. Омборлардаги ўғитлар қолдиғини кунлик мониторинг қилиб, етишмаган қисмини зудлик билан етказиш муҳимлиги қайд этилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати ёзяпти.
Бунинг учун февраль-апрель ойларида биржага чиқадиган минерал ўғит кунлик ҳажмини 6 минг тоннадан 9 минг тоннага оширишга кўрсатма берилди.
«Йиғилишда ўғит сифати ва устамаси бўйича айрим туманларда эътирозлар бўлаётганига тўхталиб ўтилди. Президент мутасаддиларга фермерларга ўз ҳисобидан ўғит сотиб олишда қулай молиявий механизмларни жорий қилиш бўйича таклиф киритишга топшириқ берди (масалан, банк ёки суғурта кафолати асосида бўлиб-бўлиб тўлаш, тижорат кредити фоизларини пасайтириш). Жойлардаги омборлардан кластер ва фермерларга минерал ўғитни ташишда транспортни логистика порталида мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинади», – дейилади хабарда.
Шунингдек, фермерларга ёқилғини ўз вақтида етказиб беришда назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. 75 та йирик канални бетонлашга бюджетдан 680 миллиард сўм ажратилган. Асосий мақсад энг кўп сув йўқотиладиган каналларни суғориш даври бошланишигача бетонлашдан иборат.
«Лекин, Қашқадарёдаги лойиҳаси тайёр 9 та канални бетон қопламага ўтказиш ишлари бор-йўғи 34 фоизга бажарилган. Ёки, Сирдарёдаги 3 та каналда бетонлаш бўйича бажарилган ишлар 10 фоизга ҳам етмаслиги айтиб ўтилди. Бу борада, Президент ҳамма кучни тўлиқ сафарбар қилиб, вегетация даври бошлангунча бетонлаш ишларини якунлаш, каналлар атрофида дарахт экиш зарурлигини таъкидлади», – дейилади.
Сув йўқотишларини камайтириш ва сувни тежаб ишлатиш Сув хўжалиги вазирлигининг энг асосий вазифаси экани қайд этилди.
Шунингдек, 2024 йилги пахта ва ғалла ҳосили учун бюджетдан 10 триллион сўмдан зиёд имтиёзли ресурс ажратилгани қайд этилди. Кластер, фермер ва деҳқонлар имтиёзли кредит олишини осонлаштириш мақсадида очиқ-ошкора платформа ишга тушгани айтилди.
«Лекин 2024 йил пахтасини сотиш бўйича фьючерс шартномаси тузган фермерларнинг маълум қисми кредитларни ҳалигача олмаган. Сабаби, айрим банклар “ресурс йўқ, гаров таъминоти керак”, деган баҳоналар билан тайёр маблағни бермаяпти», – дейилади хабарда.
Шарҳлар