РФ элчиси: Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлишидан манфаатдор бўлмаган кучлар бор
Россиянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Олег Мальгинов муайян ташқи кучлар Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) киришини истамаслигини билдирди. Бу ҳақда ТАСС ёзади.
Мальгинов айни дамда халқаро муносабатлар, жумладан, иқтисодий соҳада ҳам таркибий ўзгаришлар рўй бераётганини, бу жараён иштирокчилари орасида Ўзбекистоннинг бундай қадамдан қочишини маъқул кўраётган томонлар борлигини таъкидлади.
Элчи, шунингдек, гарчи бу қанча давом этишини олдиндан айтиш қийин бўлса-да, Ўзбекистон ҳукумати ЕОИИга кириш томон ҳаракат қилишда давом этаётганини таъкидлади.
Бундан ташқари, Мальгинов Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши Россия-Ўзбекистон муносабатларининг муҳим жиҳатларидан бири эканини ҳам қайд этади.
Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Эслатиб ўтамиз, 2023 йил май ойида президент Шавкат Мирзиёев Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада ошириш ниятида эканлигини маълум қилганди.
2023 йилда Ўзбекистон Республикаси ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги товар айланмаси 15,8 миллиард долларга етди. Экспорт 5,4 миллиард долларни ташкил қилди, импорт эса 10,4 миллиард долларга етди.
Шарҳлар