РФ Қорақалпоғистондаги воқеаларни “рангли инқилоб”ни содир этишга уриниш деб ҳисобламоқда

Источник: РБК

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев жума куни Тошкентда бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар хавфсизлик кенгашлари котибларининг 17-йиғилишида сўзлаган нутқида рангли инқилоблар “америкача демократияни” тарғиб қилишнинг асосий воситаси бўлиб қолаётганини айтди”. Бу ҳақда ТАСС ёзади.

“Рангли инқилоблар ҳамон америкача демократияни тарғиб қилишнинг асосий воситаси бўлиб қолмоқда, ғарбликлар бизнинг мамлакатларда мунтазам равишда гижгижлашга уринишлари кузатилмоқда. Масалан, 2020 йилда Беларусда, 2022 йил январида Қозоғистонда ва июль ойида Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлган воқеаларни биз шундай баҳолаймиз”, — деди у.

Хавфсизлик Кенгаши котибининг таъкидлашича, “шундай шароитда ШҲТга аъзо давлатларнинг хавфсизликни унинг ажралмаслиги тамойили асосида мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз фаровонлиги ва равнақи манфаатларида тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни илгари суриш ҳар қачонгидан ҳам талабга эга”.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар хавфсизлик кенгашлари котибларининг йиғилиши 15—16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити арафасида ўтказилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.