Россия бош вазири Самарқандда бош консулхона очиш тўғрисидаги фармонни имзолади
Россия бош вазири Михаил Мишустин Самарқандда Россия бош консулхонасини очиш тўғрисида фармон имзолади, деб ёзади “ТАСС”. Ҳужжат ҳуқуқий ахборот расмий порталига жойланди.
“Самарқанд шаҳрида (Ўзбекистон Республикаси) РФ бош консулхонаси очилсин”, — дейилади фармонда.
Россия Ташқи ишлар вазирлигига бош консулхонанинг штат сонини белгилаб, унинг штат жадвалини тасдиқлаш юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил октябрида Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида Россия Федерациясининг Самарқанд шаҳрида Бош консулхонасини таъсис этиш тўғрисидаги битим имзоланганди. Ҳужжат 6 октябрь куни Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг Москвада бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича қабул қилинган эди.
Улашиш:
Шарҳлар