Россияда санкциялар туфайли авиаҳодисалар сони кескин ўсди

Фото: РИА Новости

2023 йилда Россия операторлари камида 74 та авиаҳодисаларни қайд этди, бу 2022 йилдагидан 38 тага кўпдир, деб ёзади The Wall Street Journal Германиянинг авиаҳалокатлар ҳақида ахборот тўпловчи Jacdec тадқиқот компаниясига таяниб.

2023 йилда ҳар 100 мингта парвозга тахминан 10 та ҳодиса тўғри келган, 2022 йилда эса бу кўрсаткич 5 га тенг бўлган. Кўпчилик ҳолларда жиддий зарар ёки ҳалокатдан қочишга муваффақ бўлинган, дейилади хабарда.

Мутахассислар сўзларига кўра, авиаҳодисаларнинг кўпчилиги санкциявий чекловлар натижасида юзага келган: двигателнинг ёниб кетиши ва унинг ишдан чиқиши, қанот қопқоқлари носозликлари. Санкциялар фонида самолётлар техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун Эронга юборилмоқда, авиамашғулотлар учун эҳтиёт қисмлари танқислиги эса янги кадрларни тайёрлашга тўсқинлик қилмоқда, деди газета суҳбатдошлари.

Newsweek маълумотларига кўра, 2023 йилда Россия самолётларининг мажбуран қўниш ҳолатлари эҳтиёт қисмлари етишмаслигидан келиб чиққан техник муаммолар туфайли уч марта кўпайган. Росавиация ахбороти бўйича, ўтган йилнинг 11 ойи ичида 670 та авиаҳодиса қайд этилган, уларнинг 400 таси техника ишламай қолиши билан боғлиқ.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.