Россияга қарши уруш ва санкциялар Ўзбекистондаги нархларга таъсир қилишда давом этади – Жаҳон банки

Участница стоит возле логотипа Всемирного банка на Ежегодном собрании Международного валютного фонда 2018 года в Нуса-Дуа, Бали, Индонезия, 12 октября 2018 года. REUTERS/Johannes P. Christo

Россиянинг Украинага бостириб киришининг давом этаётган таъсири, доимий сақланиб келаётган юқори инфляция ва мураккаблашиб бораётган молиявий шароитлар туфайли Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги иқтисодий ўсиш бу йил паст бўлиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон банки томонидан бугун чоп этилган «Европа ва Марказий Осиё минтақавий иқтисодий шарҳда» қайд этилган.

2023-йилда минтақада ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда, бу илгари кутилган 0,1 фоиздан анча яхши. 2023-йилда иқтисодий фаолликнинг бу ижобий кўрсаткичи, чуқур таназзулга қарамай, Россиядаги иқтисодий инқирознинг заифлашувини ва Украина учун янада қулайроқ истиқболни акс эттиради. Кутилишича, минтақадаги ўсиш 2024-25-йилларда ўртача 2,7 фоизни ташкил этади, чунки инфляция пасайиб, ички талаб тикланади ва ташқи шароит яхшиланади.

Истеъмол нархларининг, айниқса озиқ-овқат ва энергия нархларининг кескин ўсиши Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги шаклланиб келаётган бозорлар ва ривожланаётган иқтисодиётларда ўртача йиллик инфляцияни 2022 йил охирига келиб 15,9 фоизга кўтарилишига олиб келди. Бу 20 йилдан ортиқ вақт давомидаги энг юқори кўрсаткич бўлиб, дунёнинг барча ривожланаётган минтақалари орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. 2021-йилда инфляция кўтарила бошлагунга қадар Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги шаклланиб келаётган бозорлар ва ривожланаётган иқтисодиётлар учун ўртача кўрсаткич 4 фоиздан паст эди.

Истиқболлар жуда ноаниқ бўлиб қолмоқда. Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида ҳарбий ҳаракатлар кучайган тақдирда, озиқ-овқат ва энергия нархларининг янада ошиши, глобал ёки минтақада фоиз ставкаларининг ошиши ёки минтақага капитал оқимининг кутилмаган тарзда ўзгариши 2023-йилда иқтисодий ўсиш пастроқ бўлиши мумкин. Бир қатор ривожланган мамлакатларнинг банк секторида рўй бераётган воқеалар ҳам иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Украина иқтисодиёти 2022-йилда Россия мамлакатга бостириб кирганида 29,2 фоизлик қисқаришдан кейин бу йил 0,5 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Бу босқиннинг Украинага етказган иқтисодий зарари жуда катта. Бироқ, бу йил иқтисодий фаоллик Қора денгиз портларининг қайта очилиши, дон савдосининг қайта тикланиши ва донорларнинг муҳим ёрдами билан қўллаб-қувватланди. Жаҳон банкининг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, Украинани қайта тиклаш учун сарфланиши лозим бўлган маблағ аллақачон 411 миллиард долларга ошган, бу 2021-йилда мамлакатнинг урушдан олдинги иқтисодиёти ҳажмидан икки баравар кўпдир.

Туркияда 2023-йилнинг 6-февралида иккита ҳалокатли зилзила содир бўлди. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, зилзилалардан кўрилган тўғридан-тўғри зарар қарийб 34,2 миллиард долларни ёки 2021-йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 4 фоизини ташкил қилган. Шу билан бирга, тўлиқ ҳажмдаги тиклаш ва реконструкция қилишнинг ҳақиқий харажатлари тўғридан-тўғри зарар миқдоридан икки баравар кўп бўлиши мумкин. Ушбу зилзилаларнинг таъсири билан Туркиянинг ўсиш суръати 2023 йилда 3,2 фоиз бўлиши ва 2024-2025 йилларда ўртача 4,2 фоизга етиши кутилмоқда. Бунга уй хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ва тикланиш ишларини давом эттириш доирасидаги инвестициялар ёрдам беради.

Ўсишнинг паст суръатлари ва юқори инфляция билан тавсифланган вазиятда мазкур шарҳ муаллифлари “яшаш нархининг инқирози” масаласига алоҳида боб бағишлаб, юқори эътибор беришди. Унда юқори инфляциянинг минтақа аҳолиси турмуш даражасига таъсири таҳлил қилинган.

“Инфляция одамларнинг реал даромадларини йўқ қилмоқда, юқори инфляция энг бойлардан кўра энг камбағал одамларга кўпроқ таъсир кўрсатмоқда”, – дейди Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича бош иқтисодчиси Ивайло Изворский. “Аҳолининг заиф қатламларини самаралироқ ҳимоя қилиш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун сиёсий чоралар инфляциянинг турли даромад гуруҳларига таъсирини ҳисобга олиши ва юқори нархлар туфайли аҳолининг энг камбағал қатламлари учун ҳақиқий харажатларни ўлчаш учун аниқроқ кўрсаткичларни қўллаши керак”.

Минтақадаги ҳукуматлар ижтимоий ёрдам ва субсидиялар бериш орқали яшаш нархининг инқирозига жавоб берди. Жумладан, булар энергия нархларини оширишга мораторий жорий этиш, жамоат транспортидан фойдаланганлик учун тўловларни камайтириш, маиший ва саноат истеъмолчилари учун электр ва газ тарифларининг чегаравий қийматларини жорий этишни ўз ичига олади.

Шу билан бирга, ҳисобот таҳлили шуни кўрсатадики, ҳаёт харажатлари инқирози юки тенг тақсимланмаган. Аҳолининг энг камбағал 10 фоизи учун инфляция энг бой 10 фоизига нисбатан 2 фоизга юқорироқ бўлган. Минтақадаги қатор мамлакатларда, жумладан, Молдова, Черногория ва Шимолий Македонияда бу фарқ 5 фоиздан ошган.

Ҳисоботда таъкидланишича, инфляциянинг турли уй хўжаликларига таъсиридаги фарқларни ҳисобга олмайдиган сиёсий чоралар аҳолининг заиф қатламларини етарли даражада қўллаб-қувватламаслиги ва самарасиз бўлиши мумкин. Муаллифлар камбағалларнинг реал турмуш қийматини аниқроқ акс эттириш учун инфляцияни нафақат анъанавий истеъмол нархлари индекси, балки бошқа кўрсаткичлар билан ҳам ўлчашни тавсия қиладилар. Иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва камбағалликни камайтириш бўйича самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.