Россиялик блогер ва яна 25 киши маъмурий жавобгарликка тортилди

Тошкент шаҳар ИИББ Амир Темур хиёбонида одамлар тўпланиши билан боғлиқ вазият бўйича қўшимча ахборот берди. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.

Эслатиб ўтамиз, 13 июль куни “Субо” номи билан танилган россиялик блогер Субхан Мамедов Тошкентдаги хиёбонга 200 га яқин ўзбекистонлик мухлисларини карантин чекловларига риоя этмасдан тўплаган. “Газета” нашрининг қайд этишича, оломонни тарқатиб юборишда махсус кийим кийган қалқон ва дубинкалар билан жиҳозланган куч ишлатар тизим ходимлари қатнашган.

Мамлакатдаги мураккаб эпидемиологик вазиятни эътиборга олган ҳолда, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ушу ҳолат бўйича айрим иштирокчиларни жавобгарликка тортган. Хусусан, 26 нафар фуқарога (шу жумладан С.Мамедов ва унинг кузатувчиларига) карантин қоидаларига зид равишда жамоат жойида тиббий ниқобсиз бўлганликлари учун МЖтКнинг 54-моддасига асосан БҲМнинг беш бараваригача (1 млн 225 минг) миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, 83 нафар фуқарога нисбатан ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнида, 9 нафар вояга етмаган шахсларнинг ота-онаси билан профилактик суҳбат ўтказилиб, огоҳлантирилган. Ҳозирда суриштирув ишлари давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.

Қайд этиш жоизки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) фуқароларни базавий ҳисоб миқдорининг 20 баробари миқдорида жаримага тортишни кўзда тутади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.