Россиянинг “алоқа режимларининг дўстоналиги” рейтингида Ўзбекистон учинчи ўринни эгаллади

Источник: https://nicrus.ru/

Москвада Алоқаларни ривожлантириш миллий илмий-тадқиқот институти мутахассислари Россиянинг 14 та постсовет мамлакати билан “алоқа режимларининг дўстоналиги рейтинги”ни тақдим этди. Бунга “ Настоящее Время.Азия” телеканали эътибор қаратди.

Институт рейтингида мамлакатлар 68 та кўрсаткич бўйича баҳоланди: ташқи сиёсат, иқтисодий алоқалар, медиакоммуникациялар, таълим, илм-фан, маданият, ёшлар билан алоқалар, диний мулоқот ва бошқалар.

100 балллик тизимда Беларусь Россияга энг яқин давлат сифатида тан олинган. Иккинчи ўринни 60,6 балл билан Қирғизистон эгаллади. Ўзбекистон 59,3 балл тўплаган ҳолда Россияга “энг яқин ва дўстона” давлатлар рейтингида учинчи ўринни эгаллади.

Рейтинг натижаларига кўра, Россия билан КХШТ ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи каби тузилмаларга аъзо давлатлар сифатида ҳамкорликда ишлаётган Қозоғистон ва Арманистон, Россияга юз минглаб муҳожирларни жўнатаётган Тожикистон ва йирик энергетика шартномаларига эга бўлган Туркманистон Ўзбекистондан ортда қолди.

“Умуман олганда, дўстона мамлакатларда одамларнинг аксарияти Россияга нисбатан ички ижобий муносабатни сақлаб қолишган. Аммо дўстлик тушунчаси илгари инерция билан такрорланган (гомеостаз механизми ишлаган) баъзи мамлакатларда энди саъй-ҳаракатлар, эҳтимол алоқани ривожлантириш учун махсус лойиҳалар ва дастурлар (Қозоғистон) талаб қилиниши мумкин”, — дейилади институт баёнотида. .

Рейтингда Грузия ва Молдова “нисбатан дўстона” давлатлар қаторига кирди. “Дўстона бўлмаган” давлатлар қаторида эса Латвия, Литва, Эстония ва Украинани кўриш мумкин.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.