Россиянинг “Метровагонмаш” заводи Тошкент метрополитени учун 56 та вагон етказиб беради

Источник: Anhor.uz

«Трансмашхолдинг» (ТМХ) таркибига кирувчи Россиянинг «Метровагонмаш» заводи 2023 йилда Тошкент метрополитени учун 56 та вагон ёки 14 та таркиб етказиб бериши керак. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.

«Ҳозир столимизда (Тошкент учун) 50 дан ортиқ метро вагонларини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган ва амалга оширилмоқда», — деди ТМХ бош директори Кирилл Липа «Иннопром. Марказий Осиё» кўргазмаси панель сессиясида.

Унинг қўшимча қилишича, холдинг Тошкент метрополитени 1977 йилда очилганидан бери унинг доимий ҳамкори ҳисобланади.

Метрополитен матбуот хизмати 2023 йилда 14 та янги таркиб келиши кераклигини тасдиқлади, улар участкаларнинг иш юкига қараб метро тизими бўйлаб тақсимланади.

2019−2021 йилларда Ўзбекистон пойтахти метросига «Метровагонмаш»дан умумий қиймати 91,3 миллион евро бўлган 60 та вагон олиб келинган. Бу 15 та таркибни шакллантириш ва ҳаракатланиш оралиқларини қисқартириш имконини берди.

Етказиб бериш «ВЭБ.РФ» давлат тараққиёт корпорацияси, «Россия экспорт маркази» АЖ, Росэксимбанк кредитлари ва Ўзбекистон давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган. «Трансмашхолдинг» дунёдаги темир йўл транспорти учун ҳаракатланувчи таркиб ишлаб чиқарувчи иккита йирик компаниядан биридир.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.