Республика руҳий саломатлик марказининг вазифалари белгиланди
Вазирлар Маҳкамасининг 24.07.2024 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида ихтисослаштирилган психиатрия ва наркология хизматини кўрсатишнинг ягона ташкилий-услубий вертикал бошқарув тизимини жорий этиш тўғрисида»ги ВМҚ-447-сонли қарори қабул қилинди, деб ёзади “Норма”.
Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг қуйидаги асосий вазифалари белгиланди:
- психиатрия ёрдами хизматларини бирламчи тиббий ёрдам муассасаларига интеграция қилиш орқали руҳий касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш;
- бирламчи бўғин тиббиёт муассасаси шифокорларининг руҳий касалларни клиник баҳолаш, даволаш ва кузатиш бўйича кўникма ва билимларини ошириш;
- аҳоли, айниқса болалар ва ўсмирларнинг руҳий саломатлигини мустаҳкамлаш;
- тиббиёт ходимларининг касбий даражасини ошириш ва такомиллаштириш, шу жумладан мутахассисларнинг касалликларига ташхис қўйиш ва уларни даволашнинг замонавий усуллари соҳасида етакчи хорижий тиббиёт ўқув юртлари ва клиникаларида стажировкаларини ташкил этиш;
- касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашнинг илғор усуллари ва технологияларини ишлаб чиқишга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек уларни тиббиёт амалиётига жорий этиш;
- етакчи хорижий тиббиёт муассасалари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш.
Марказ соғлиқни сақлашнинг барча даражаларида руҳий саломатликни таъминлаш йўналишидаги ишларни мувофиқлаштиради ва назорат қилади.
Ҳужжат билан амалдаги психиатрия ва наркология хизматларини ҳудудий филиалларга қайта ташкил этилишини ҳисобга олган ҳолда Марказнинг ташкилий тузилмаси тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 2024 йил 25 июлдан кучга кирган.
Шарҳлар