Самарқанд туманидаги мактаблардан биридаги ўғил болалар ҳожатхонасига кузатув камераси ўрнатилди
Самарқанд вилоятидаги 26-мактабнинг ўғил болалар ҳожатхонасида кузатув камераси пайдо бўлди. Камера суратлари ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бу ҳақда “Новости Узбекистана” нашри ёзади.
Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббус мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Р.Ш.га тегишли эканини, бироқ аслида камера ишламаётгани тушунтирди. Бу муляж, фойдаланиш учун яроқсиз ва тармоққа уланмаган.
Шундай қилиб, Р.Ш. мактаб ўқувчиларини ҳожатхонада тозалик ва тартибни сақлашга мажбурлашга уринган. Текширувдан сўнг камера демонтаж қилинди ва директор ўринбосари Меҳнат кодексининг 181-моддасига асосан интизомий жазога тортилди.
Аввалроқ Қўқон педагогика институтида ётоқхонага яширин камера ўрнатгани учун тўрт нафар ходим ишдан бўшатилган эди.
Биз Ўзбекистонда жамоат жойларига видеокузатув ўрнатиш қоидалари тартибга солинмагани ҳақида ёзган эдик. Масалан, видеокузатув овозни ёзмаслиги керак, умумий фойдаланувдаги жойларга камералар ўрнатиб бўлмайди.
Бу ҳолда, инсоннинг шахсий дахлсизликка бўлган конституциявий ҳуқуқини эсга олиш керак. Ушбу ҳуқуқдан келиб чиқиб, видеокузатув ўрнатилган жамоат жойларида фуқаролар тасвирга олинаётгани ҳақида огоҳлантирувчи белгилар бўлиши шарт. Шу билан бирга, видеокузатув тўғрисида огоҳлантирувчи белгиларни ўрнатишни белгилайдиган тўғридан-тўғри нормалар мавжуд эмас.
“Фуқаролар жамоат жойларида камерага ёзиб олинаётганини билишга ҳақли. Агар сиз суратга тушаётган бўлсангиз, бу ҳақда билишингиз керак. Мен буни инсон ҳуқуқлари тамойилларидан келиб чиқиб айтяпман, ресторан, қаҳвахона ёки савдо марказига кираверишда огоҳлантирувчи белги осилиши керак. Жамоат жойларидаги камералар овозни қайд қилмаслиги кераклигини тушуниш жуда муҳимдир. Агар бу содир бўлса, буни шахсий ҳаётга дахл қилиш сифатида талқин қилиш мумкин. Шунга кўра, ҳуқуқбузарликларни бостириш учун ўрнатилган камералар фақат тасвирни ёзиб олиши керак. Бироқ, қонунчиликда видеокузатув ва тасвирга олиш қоидаларига оид аниқ регламентация ҳали ҳам йўқ”, — деганди ўшанда ҳуқуқшунос Мадина Турсунова.
Шарҳлар