Самарқанд учун “Яшил шаҳар” ҳаракатлар режаси тузилди
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва ЕТТБнинг Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори Жужанна Харгитай Самарқанд учун “Яшил шаҳар” ҳаракатлар режасини (GCAP) тақдим этди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига банк матбуот хизмати хабар берди.
Бу ЕТТБнинг “Яшил шаҳарлар” етакчи дастурига қўшилган Ўзбекистондаги биринчи шаҳар ҳисобланади. GCAP Самарқанд шаҳрининг барқарор ривожланиш истиқболлари ва стратегик мақсадларини, шунингдек, устувор экологик муаммоларни ҳал қилиш учун зарур бўлган ҳаракатлар ва инвестицияларни аниқлашга ёрдам берадиган муҳим воситадир. GCAP юқоридаги мақсадларга эришишдан ташқари, маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини оширишга ҳам ёрдам беради.
GCAP доирасида шаҳар ва ЕТТБ Самарқанд учун инклюзив, барқарор ҳаракатлар режасини ишлаб чиқади ва амалга оширади. Унда маҳаллий ҳамжамиятнинг ўзи туғилиб ўсган шаҳрини ободонлаштириш, унда ҳаёт сифатини яхшилаш борасидаги фикр ва мулоҳазалари инобатга олинади.
“Яшил шаҳар” Ҳаракат режасининг асосий лойиҳаси шаҳар ҳаракат таркибини электр автобусларга алмаштириш бўлади. Бундай электробусларнинг биринчи партияси май ойининг ўрталарида етказиб берилади. ЕТТБнинг 32 йиллик йиғилиши ва бизнес-форуми Самарқандда ўтказилиши кутилмоқда.
Шарҳлар