Самарқанд вилоятида давлат хизматчиси 6 минг доллар миқдорида пора билан қўлга тушди

Источник: УзА

ДХХ ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ўтказилган тадбирда Самарқанд вилояти Давлат хизматлари агентлиги бошқармасининг Иштихон туман Давлат хизматлари маркази катта мутахассиси Р.Б. пора билан ушланди. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.

Маълум бўлишича, 1995 йилда туғилган Р.Б. хизмат ваколатидан фойдаланган ҳолда Каттақўрғон туманида яшовчи фуқаро Р.Ш. билан жиноий тил бириктирган ҳолда тумандаги масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган ер майдони ҳудудида тикувчилик ҳамда пишириқ ишлаб чиқариш цехлари қуриш учун ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига маҳаллий фуқародан 12 минг АҚШ доллари талаб қилиб, келишилган маблағдан 6 минг АҚШ долларини пора тариқасида олаётган вақтида жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.