Самарқанд вилоятида корхоналардан бири каналга техник мойларни оқизгани маълум бўлди
Экологлар Самарқанд вилоятидаги Дарғом каналига техник мойлар оқизилганини тасдиқлади, деб ёзади “Газета” нашри.
Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ж.Казбеков ва Самарқанд вилоят бошқарма бошлиғи Х.Окбутаев бошчилигида тузилган 6 та ишчи гуруҳ томонидан 5 соат давомида дарғом канали муҳофаза қисмида ўрганишлар олиб бориши натижасида Самарқанд тумани “Андижони” МФЙ ҳудудида “Нуршод универсал савдо” МЧЖ томонидан ишлатилган техник чиқинди мойларни оқизиб келаётганлиги маълум бўлди.
«Мазкур корхона ўз айбини яшириб, изларни йўқотиш мақсадида ташланаётган чиқинди мойлари устига шошма-шошарлик билан тупроқ сепиб чиқишган», — дея қайд этади қўмита.
Ушбу корхона атрофида фаолият юритиб келаётган дехқон-фермерлар ҳам ўз эътирозларини билдириб, уларнинг деҳқончилик қилишларига ҳам бундай ҳолат кўпдан бери, анчайин зарар етказиб келаётгани маълум бўлди.
Айни пайтда, мазкур ҳолат юзасидан қонунда белгиланган нормаларга мувофиқ тегишли чоралар кўриш учун далолатномалар расмийлаштирилиб, лаборатория таҳлиллари учун корхона ҳудуди ва унинг атрофидан сув ва тупроқ намуналари олинган.
Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Nurshod Universal Savdo корхонаси 2015 йил июль ойида рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури – ихтисослаштирилган дўконларда мотор ёқилғиси билан чакана савдо қилиш. Корхона таъсисчиси ва раҳбари Жумаев Бахтиёр Ҳикматиллаевич. У, шунингдек, Bulungur Gaz Oil (ихтисослаштирилган дўконларда автомобиль ёқилғисининг сотувчиси) ва Gulobod Neftni Qayta Ishlash (нефтни қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш) компанияларида ҳам улушларга эга.
Шарҳлар