Самарқанд вилоятидаги давлат муассасаларида 563 млн сўм талон-тарож қилинган
Самарқанд вилоятининг қатор муассасалари бюджет маблағларини талон-тарож қилиш билан шуғулланган. Конкрет фактлар ҳақида Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг матбуот хизмати маълум қилди, деб ёзади Sputnik нашри.
Масалан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббий маркази 175 млн сўм бюжет маблағини камомад қилган. Маълум бўлишича, раҳбариятнинг топшириғига кўра, ходимларга асоссиз равишда ҳомиладорлик бўйича таътиллар ва нормадан ортиқ ишлаганлик учун устамалар ҳисоблаб ёзилган, касаллик варақалари тўланган.
50 млн сўм миқдоридаги талон-тарожликлар 3-сонли Самарқанд шаҳар туғруқхона мажмуида ҳам аниқланган. Нарпай туман ободонлаштириш бошқармасида эса 29 млн сўм миқдорида бюджет маблағлари ўзлаштирилган.
Умуман олганда вилоятдаги давлат муассасалари томонидан бюджетдан 563 млн сўм талон-тарож қилинган.
Терговгача текширувлар натижасида вилоят прокуратураси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (“Ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилиш”) ва бошқа моддалар бўйича жиноят ишларини қўзғатди.
Шарҳлар