Самарқандда 3 та фуқаронинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи 9 ярим йилга қамалди

Фото: Самарқанд вилояти ЙҲХБ

Самарқанд вилояти Ургут туманида йўл-транспорт ҳодисасида 3 нафар инсон ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилди.

ЙТҲ 29 июль куни содир бўлган. 2003 йилда туғилган «Cobalt» ҳайдовчиси юқори тезликда рул бошқарувини йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши йўналишида ҳаракатланиб келаётган «Damas» билан тўқнашган. Оқибатда «Damas» ҳайдовчиси ва йўловчиси ҳодиса жойида, яна бир йўловчи эса шифохонада вафот этган. Яна икки нафар Дамас йўловчиси ва «Cobalt» автомобили ҳайдовчиси жароҳатлар билан тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан иш жиноят ишлари бўйича Ургут тумани судида кўриб чиқилди.

«Иккита набирам бор — ўғли 2-синфда ўқияпти, қизи 4 ёшга киради. Музлаткичга чой қўйиб қўяди, дадам келса, шуни бераман деб. Биз шу болаларни кўриб эзилиб кетамиз. «Cobalt» ҳайдовчисига қандай модда қўйган, тушунмаяпман, 80 км тезлик билан шундай воқеа бўладими?» — деди марҳум Дамас ҳайдовчисининг отаси.

21 ёшли судланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.

Суд ҳукмига кўра, йигит 3 йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, унга нисбатан 9 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.