Самарқанддаги Беньков уйини ҳимоя қилган журналист аёл туҳмат учун жаримага тортилди

Котлован во дворе Павла Бенькова. Источник: Анастасия Павленко

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди Анастасия Павленкони Маъмурий кодекснинг 40-моддаси (“Туҳмат”) бўйича айбдор деб тан олиб, унга жарима белгилади. Бу ҳақда журналист ўзининг  Facebook тармоғидаги саҳифасида маълум қилган, деб ёзади “Фергана” нашри.

Анастасия Павленко — «Самаркандский вестник» газетаси муҳаррирининг ўринбосари ва «Сохраним Самарканд» гуруҳининг фаоли. У ўз маслакдошлари билан бирга илгари таниқли совет рассоми Павел Беньковга тегишли бўлган уйнинг бузилишига қарши туришга ҳаракат қилмоқда. Мисол учун, ўтган йили у уй ҳовлисида катта котлован қазилгани ҳақида ёзганди.

«Беньков уйининг ҳовлисига бориб кўрсангиз, таниқли рассомнинг пейзажларида акс этган ҳовли ҳақиқатдан ҳам йўқолганини кўрасиз. Унинг ўрнида чуқурлиги камида тўрт метр бўлган котлован қазилган, атрофдаги уйларнинг деворларини зириллатиб экскаватор ва ғалтак машина ишлаяпти», — деб ёзганди Павленко.

Унинг бу сўзларига жавобан уйнинг мулкдори Павленкони ҳаракатлари билан ҳақоратлагани ва унга туҳмат қилгани учун жавобгарликка тортиш талаби билдирилган даъво аризасини тақдим этган.

Суд мажлиси 18 январда бўлиб ўтди, у очиқ бўлди. Судья Анастасия Павленкони айбдор деб топиб, уни энг кам иш ҳақининг етти баробари миқдорида (6 млн сўмга яқин) жаримага тортиш ҳақида қарор чиқарди.

«Бундай сурбет судни ҳали ҳеч ким кўрмаган. Судда менга беорлик билан туҳмат қилишди, ҳақоратлашди, ўзимни ҳимоя қилишга ҳеч қандай ҳуқуқ беришмади, барча илтимосномаларни, шу жумладан судья Рўзиевни четлатиш ҳақидаги илтимосномамни ҳам рад этишди, шунингдек мен Маъмурий суд юритуви тўғрисидаги кодекснинг 48 ва 54 моддалари асосида экспертлар ва мутахассислар иштирокини талаб қилган аризаларимни ҳам рад қилишди. Гувоҳларни сўроқ қилишмади, АСОСИЙСИ ЭСА – МЕНИ ИШ МАТЕРИАЛЛАРИ БИЛАН РУС ТИЛИДА ТАНИШТИРИШМАДИ! Конституция ва процессуал кодекснинг бузилиши! Судья ҳатто маслаҳатга ёки танаффусга ҳам чиқмади, бирданига олдиндан тайёрлаб қўйилган қарорни ўқиди – буни иштирокчиларнинг ҳаммаси кўрди», — деди Павленко суддан кейин.

У айбининг исботи судда тақдим этилмаганини таъкидлади. Павленко суд қарорига шикоят келтириш ниятида.

Санъатшунос Гулжаҳон Темурованинг қайд этишича, бузилиш хавфи остида турган уй – тарихий: “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, рассом Павел Петрович Беньков Самарқандга 19 йилда келган ва бу ерда ўзининг энг сара асарларини яратган, улар нафақат Ўзбекистон, балки Россия музейларида ҳам сақланади… Эслатиб ўтаман, айнан Самарқандда биринчи бадиий техникум ташкил қилинган бўлиб, унга Павел Петрович асос солган. У республикада машҳур бўлиб кетган миллий кадрлар, рассомларнинг биринчи гуруҳини тарбиялаган”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.